Солиқчилар тадбиркорларга кўмаклашмоқда
Шу кунларда Тошкент вилояти солиқ хизмати органларига маҳалла даражасига тушиб ишлаш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 1 минг 25 та маҳаллага 482 нафар солиқ инспектори бириктирилган.
Солиқчилар маҳалладаги “еттилик” билан ҳамкорликда солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ўзини банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишда кўмаклашиш каби 21 та йўналишда иш олиб бормоқда.

Амалга оширилган ишлар сабаб Тошкент вилоятида солиқ инспекторларининг жорий йил апрель ойида самарадорлик кўрсатгичлари 91,2 бални ташкил этди. Бу жараёнда фаоллик кўрсатган жойлардаги 15 та инспекциянинг 206 нафар ходими рағбатлантирилди. Жумладан, Бўстонлиқ туманининг Ашисай ҳамда Уенкулсай маҳаллаларига бириктирилган солиқ инспектори Уйғун Эргашев шулардан биридир. Мазкур янги тизим жорий этилгандан буён унинг кўрсатгичлари 95 баллдан юқори бўлмоқда.


– Ҳудудимиз аҳолиси мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади, – дейди солиқ инспектори У.Эргашев. – Ҳозир менга бириктирилган 2 та маҳаллада 20 нафар юридик шахс ҳамда 32 нафар якка тартибдаги тадбиркор бор. Шу билан бирга, 457 нафар ўзини банд қилган ва 1 минг 295 нафар ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўловчиси мавжуд. Улар билан биргаликда самарали ишлашга ҳаракат қиляпмиз.
Умуман олганда, янги иш услуби маҳаллаларда қўшимча даромад манбаларининг яратилиши ва маҳаллий бюджет тушумларининг ошишига хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири