Солиқ тизими: имтиёз ва имкониятлар
Бухорода 2022 йилдан солиқ тизимига киритилаётган янгиликларни тадбиркорларга етказиш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга Президент қарори билан бир қатор ҳуқуқ ва енгилликлар тақдим этилганлиги тушунтирилди. Солиқ ставкалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– “Ҳунарманд” уюшмаси аъзосиман, – дейди семинарда иштирок этган Умида Қобилова. – Нақшинкор газламалар тўқиш билан шуғулланаман. Биз учун 2022 йилдан солиқ тизимида бир қатор енгиллик берилибти. Илгари ижтимоий солиқни ҳар ойда тўлар эдик. Эндиликда бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда тўланар экан. Бу албатта биз ҳунармандлар учун янгилик бўлди.

Семинарда Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш натижасида босқичма-босқич жорий этилаётган “Е-актив”, “Е-ижара” тизимлари бўйича 2022 йилда жорий қилинган янгиликлар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ҳамда солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатлар ҳисобини юритиш тартиблари бўйича тушунтиришлар берилди.
Семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан йўлланган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Зариф Комилов, ЎзА