Солиқ қонунчилигидаги янгиликлар муҳокама қилинди
Солиқ қонунчилигидаги ҳар бир янгилик нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки суд амалиёти учун ҳам янги вазифаларни юзага келтиради. Айниқса, солиқ низоларини кўриб чиқишда қонунчиликдаги ўзгаришларни тўғри талқин қилиш ва бир хилда қўллаш ҳуқуқий аниқлик ҳамда адолатли қарорлар қабул қилишнинг муҳим шартидир.
Шу мақсадда Тошкент вилояти судлари биносида солиққа оид низолар ҳамда солиқ қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришларнинг суд амалиётидаги аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти суди ва Тошкент вилояти маъмурий суди раислари, барча судлов ҳайъатлари судьялари, суд аппарати ходимлари, шунингдек, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, солиқ маслаҳатчиси Иродахон Аббосхонова иштирок этди.

Дастлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тизимидаги янгиликлар, солиқ текширувларини ўтказиш тартиби, кичик бизнес субъектларига берилган енгилликлар, молиявий жарималарни қўллаш ва тўлаш билан боғлиқ янги нормалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ҚҚСга ўтиш чегарасининг оширилгани, айрим субъектлар учун 6 фоизли соддалаштирилган ҚҚС режими жорий этилгани, шунингдек, кичик бизнес субъектларига нисбатан айрим истиснолардан ташқари уч йиллик мораторий белгиланганига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, мазкур ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектларининг маъмурий юкини камайтириш, солиқ назоратини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда солиққа оид низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида янги ҳуқуқий нормаларни суд амалиётида бир хил қўллаш, солиққа оид низоларни кўриб чиқишда ягона ёндашувни шакллантириш ва қонунчиликдаги янгиликларнинг амалий ижросини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, уларга мавзу доирасида батафсил жавоблар олди.
А.Мусаев,ЎзА