"Soliq Mobile" кешбэки билан боғлиқ яна бир йирик фирибгарлик фош этилди
Ўзбекистонда сохта чеклар ва электрон ҳисоб-фактуралар ёрдамида миллиардлаб сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Улар телеграм гуруҳлари орқали 200 мингдан ортиқ фуқарога ҳеч қандай харид амалга оширилмаган сохта чекларни пуллаб келишган.
Тергов маълумотларига кўра, фуқаролар М.Х., М.Х. ва К.И. ўзаро тил бириктириб, телеграм ижтимоий тармоғида махсус гуруҳлар ташкил қилишган. Ушбу гуруҳлар орқали 7 та масъулияти чекланган жамиятга (МЧЖ) тегишли харид чекларини сотиш билан шуғулланишган. Фирибгарлар томонидан оддий жисмоний шахслар учун 1 фоизли, Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар учун эса 12 фоизли кешбэк суммалари онлайн тарзда пулланган.
Амалда мазкур 7 та корхона ўртасида ҳеч қандай реал молиявий алоқа ёки савдо-сотиқ бўлмаган. Шунга қарамай, гуруҳ аъзолари гўёки 3,3 триллион сўмлик маҳсулотлар ва хизматлар сотилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштиришган. Сўнгра пуллар онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани кўрсатилиб, сохта харид чеклари чиқарилган.
Ушбу жиноий схема оқибатида жами 211 минг 584 нафар фуқарога "Soliq Mobile" иловаси орқали кешбэк сифатида 28,5 миллиард сўм маблағ ҳисобланган. Тергов ҳужжатларига кўра, ушбу сумманинг 3,2 миллиард сўми фуқароларга амалда тўлаб берилган ва шу йўл билан давлат бюджети маблағлари ўзлаштириш ҳамда растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштир сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА