Солиқ маслаҳатчилари институти шакллантирилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мақсади солиқ маслаҳати соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг асосий қоидаларини белгиловчи ҳамда самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантириш, солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, солиқ тўловчиларга малакали солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатилишини таъминлашдан иборат.
Унга кўра, солиқ маслаҳатчиси ассистенти тушунчаси киритилмоқда. Шунингдек, солиқ маслаҳати хизмати муайян билимни талаб қиладиган хизматлар турига кирганлиги инобатга олиб “профессионал хизматлар” деб фойдаланмоқда ва уларнинг рўйхати кенгайтирилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан солиқ маслаҳатчиларига солиқ текшируви ўтказилганда, мижоз (ишонч билдирувчи) номидан асослантириш сифатида солиқ маслаҳати бўйича хулосани мустақил равишда тақдим қилиш ва бошқа шу каби ҳуқуқлар берилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институти шакллантирилади.
Депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдириб, уни концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Шунингдек, мажлисда “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш фаолиятини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, аккредитация натижалари халқаро даражада тан олинишига эришиш учун қонуний асос яратилмоқда.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда амалда бўлган “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларда аккредитация жараёнларида манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлиб, аккредитация жараёнида бетарафлик ва холислик таъминланишининг қонуний асослари яратилмаган. Соҳадаги манфаатдор идораларнинг вазифалари ва ваколатлари тўлиқ очиб берилмагани, аккредитация органи ваколатлари чеклаб қўйилгани сабабли аккредитация натижаларини халқаро даражада тан олиш имконини бермайди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан ҳозирда мавжуд аккредитация фаолиятини такомиллаштириш, халқаро стандартлар талабларига уйғунлаштириш орқали аккредитация органига қонуний тус берилиб, унинг холислиги ва бетарафлигини таъминлаш билан бирга, аккредитация натижаларини халқаро майдонда эътироф этилишига замин яратилади.
Лойиҳадаги нормалар маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда юзага келиши мумкин бўлган техник тўсиқларни бартараф этган ҳолда, республика экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнини топишига имконият яратади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА