Солиқ – коррупциядан холи тизим
Жиззах вилояти солиқ бошқармасида тизимда коррупцияга йўл қўймаслик, солиқ хизмати ходимларининг касб одоби, солиқ текширувларини ўтказишда холислик тамойилига риоя этиши мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Солиқ қўмитаси вакиллари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ва бошқарманинг шахсий таркиби ҳамда онлайн тарзда ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбар ва ходимлари иштирок этди. Мазкур тадбир давомида, ҳар бир давлат солиқ хизматчиси хизмат ваколати доирасидан четга чиқмаслиги, жиноий қилмишлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этмаслиги, зиммасига юклатилган вазифасини виждонан бажаришга чақирилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилган тақдирда, унга жазо муқаррарлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

– Ушбу тадбир давомида Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди, – дейди Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов. – Ҳар бир солиқ идораси вакилига, солиқ тўловчилар билан мулоқот давомида коррупция ва тамагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик, улар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат ваколатлари доирасидан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланмаслик бўйича атрофлича тушунчалар берилди.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ҳар бир солиқ ходими коррупцияга қарши курашишни ўзининг муқаддас бурчи ва вазифаси деб билиши лозимлигини етказишдан иборат. Шунингдек, мулоқот давомида солиқ ходимлари диний экстремизм ва терроризм каби бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари ва бу борада мустаҳкам билимга эга бўлишлари хусусида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА