Солиқ бошқармасида “Очиқ эшиклар куни”
Андижон вилояти солиқ бошқармаси томонидан талабалар учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтининг иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган битирувчи талабалар иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз солиқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги, бу юртимиз иқтисодий салоҳияти ва аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бюджет тақчиллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири давомида талабалар вилоят солиқ бошқармаси фаолияти, тизим ходимларининг иш жараёнлари, улар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
[gallery-20466]
Шунингдек, талабаларга солиқ хизмати органлари ходимларининг солиқ маъмурчилигини ташкил қилиш, маҳаллабай ва корхонабай ишлаш, “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойиллари, шунингдек, амалдаги дастурлар асосида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бундан ташқари, талабалар билан солиқ тизими фаолияти, ёшларнинг қизиқиш ва имкониятлари хусусида суҳбат ўтказилди.
– Вилоят солиқ бошқармасида бўлиб, давлатимизнинг солиқ сиёсати, тизимнинг асосий йўналишлари ҳақида кенг маълумотлар олдик, – дейди Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти 4-босқич талабаси Муҳаммадқодир Раззоқов. – Бу ерда ўрганганларимиз, олган маълумотларимиз ўқишда, айниқса, диплом иши ёзиш жараёнида, қолаверса, келгусидаги фаолиятимизда албатта, қўл келади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари