Солиқ қарздорлиги ундирилмоқда
Улар қарздор корхоналарнинг мол-мулкларини хатловга олаётир. Юзага келган қарзни ундириш чораларини кўрмоқда.
Сурхондарё вилоятида ўз вақтида тўланмаган солиқ қарздорлигини ундириш учун Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.
Улар қарздор корхоналарнинг мол-мулкларини хатловга олаётир. Юзага келган қарзни ундириш чораларини кўрмоқда.
Қумқўрғон туманидаги “Анҳор” фермер хўжалиги солиқ тўловларидан 33 миллион сўмлик қарзини тўламасдан пайсалга солиб келаётган эди. Ишчи гуруҳ хўжаликнинг солиқ қарзини ундириш мақсадида унга тегишли “Captiva” русумли автомашинасини хатловга олди. Шундан сўнг фермер вақтни кўп ҳам чўзмасдан тегишли маблағни топиб, солиқ қарздорлигини тўлиқ тўлади. Шунингдек, мазкур тумандаги “Гулистон МНЗ” фермер хўжалигининг 10 миллион сўм, “Мусурмон Аллаёров” фермер хўжалигининг 6 миллион 100 минг сўм солиқ қарздорлиги учун фермерларнинг “Captiva” русумли автомашиналари хатлангач, иккала фермер ҳам бир зумда солиқ қарзларини нақд пул кўринишида тўлади.
Шўрчи туманидаги тадбир чоғида “Зухриддин-Захриддин” масъулияти чекланган жамияти солиқ тўловларини тўлаш имкониятига эга бўла туриб, 102 миллион сўмлик солиқ қарзини тўламай келаётгани аниқланди. Оқибатда корхонага тегишли “SHACMAN” русумли юк автомашинаси хатловга олинди. Айни пайтда корхонанинг давлат олдидаги мажбуриятини бажариш учун автомашинани белгиланган тартибда сотиш чоралари кўрилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иқтисодий судлар ҳамда давлат солиқ органларининг қарорларига асосан жисмоний ва юридик шахслардан жами 141 миллиард 885 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари тамомланиб, 71 миллиард сўм маблағ ундирилиши таъминланди. Биргина август ойининг ўтган даврида воҳадаги 610 та қарздор корхонанинг мол-мулки хатланиб, 18 миллиард 500 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилди.
Ишчи гуруҳнинг ҳамкорликдаги назорат тадбирлари давом этмоқда.