Соҳибқиронга муносиб ворис бўламиз
9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
Қашқадарё воҳасининг Қарши шаҳридан унча узоқ бўлмаган Қўнғиртоғ адирларига Соҳибқирон байроғи ўрнатилди, темурийлар даврига хос ўтовлар тикилди. Найза ва камонлар таққан Темур «аскар»лари ўтовлар олдида саф тортди. Довул садолари янгради. Ушбу манзарани кузатар экансиз ўзингизни гўё темурийлар даврида нишонланган байрам сайилларига тушиб қолгандек ҳис қиласиз.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими соврини учун Косон тумани Қўнғиртоғ адирларида «Амир Темур ўғлонлари», «Жалолиддин Мангуберди ворислари» кўрик-танлови ҳамда ҳарбий ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Оммавий сайил кўринишида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳарбийлар, кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари ҳамда кўплаб ёшлар иштирок этди.
– Соҳибқирон бобомизнинг таваллуд топган санаси муносабати билан мана шундай қир-адирларда ноодатий тарзда ўтаётган ушбу фестиваль ва спорт мусобақалари менда катта таассурот қолдирди, – дейди мубораклик Ёдгор Тўймуродов. – Айниқса, ҳарбий техникалар ва қурол-яроғлар, ижодий ва маданий йўналишдаги мутахассислар томонидан ташкил этилаётган маҳорат дарслари биз каби ёшларда қизиқиш уйғотди.
Фестивали доирасида «Энг китобхон ҳарбий», «Энг маҳоратли ижодкор», мақом, бахшичилик ва достончилик санъати, тасвирий санъат, театр санъати ва актёрлик маҳорати, чавандозлик маҳорати бўйича ташкил этилган кўрик-танловларда ҳарбийлар ва ёшлар иштиёқ билан қатнашди ва ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
[gallery-1952]
Шунингдек «Бибихоним издошлари» лойиҳаси доирасида ҳарбий хизматчи аёллар мулоқоти ташкил этилди. Авиамодель ва варраклар намойиши, кўпкари мусобақаси, ҳарбий-техника қурол-аслаҳаларнинг кўргазмаси, ҳарбийларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Бундан ташқари куч тузилмаларини ҳарбий хизматчилар, ИИВ ҳузуридаги ҳарбий академик лицей, Шаҳрисабз шаҳридаги «Темурбеклар мактаби», Қарши шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» нодавлат таълим муассасаси ва мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассислигига тайёрлаш маркази курсантлари ўртасида арқон тортиш, камондан ўқ узиш, кураш беллашувлари ташкил қилинди.
Тадбир якунида ғолибликни қўлга киритган жамоалар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА