Соҳибқирон саройида бахшилар қандай вазифани бажарган?
Қадимги битикларда бахши атамаси ўта теран мазмун ташиган ва давлатчиликнинг муҳим устуни саналган. Бу сўз санскрит тилидаги “бўт”, “бағ”, “бахт” ўзакларидан шаклланган. Дастлаб у яратганнинг сирларидан огоҳ этувчи деган маънони англатган. Вақт ўтиши билан мазкур тушунча туркий халқлар ҳаётида бутунлай янгича қиёфа касб этди.
Ўша кезлари бахши деганда хаттотлик, тарих, мусиқа ва табобат илмларини эгаллаган зиёлилар тушунилган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврига келиб, билимдон уйғур бахшилари давлат девони ишларига кенг жалб этилди. Улар бошқарув тизимининг ажралмас қисмига айландилар. Натижада, бахшилик мансаби молиячи ва моҳир битикчи каби қатор маъмурий вазифаларни қамраб олди. Эрондаги оққўюнли ва қорақўюнлилар ҳамда Ҳиндистондаги бобурийлар саройида вазирларни айнан бахши деб аташган. Бутун бошли вазирлик эса бахшигарий номи билан юритилган.
Ўзбек давлатчилиги тарихида, хусусан, Амир Темур саройида бахшилар ғоят муҳим ўрин тутган. Улар шунчаки котиб эмас, балки ҳукмдор фаолиятини кунма-кун ёзиб борувчи садоқатли солномачилар ҳамэди. Соҳибқирон тарихий воқеаларнинг ҳаққоний баён этилишига қаттиқ талаб қўйган. Одатда аксарият саройларда тарихчилар ҳукмдорни мақташга интилган. Аммо Амир Темур сохта обрўдан воз кечиб, келажак авлодга соф ҳақиқатни қолдиришни мақсад қилган. Тарихчи Шарафуддин Али Яздий ўз битикларида буни алоҳида қайд этади. Олимнинг ёзишича, бахши ва котиблар мамлакат аҳволидаги ҳар бир ўзгаришни тўла-тўкис қоғозга туширган. Уларга ҳар қандай воқеани заррача ўзгартирмай ёзиш қатъий буюрилган. Содир бўлган ҳодисаларни ошириб кўрсатиш ёки камайтириш қатъиян ман этилган. Аслида нима рўй берган бўлса, фақат ўша ҳақиқат мозий саҳифаларига муҳрланиши шарт эди. Бу Темурийлар даврида тарихнавислик мактаби юксак даражага кўтарилганини исботлайди.
Номаълум муаллиф томонидан 1427 йилда ёзиб тугалланган “Муъизз ул-ансоб” (“Ҳурматли кишиларнинг насабномаси”) асарида Соҳибқироннинг шахсий солномачилари ҳақида қимматли маълумот келтирилган. Амир Темур саройида уч нафар турк бахшиси доимий фаолият юритган. Улар Эларта, Сайнорта ва Темурчақар исмли етук билим эгалари эди. Мазкур сарой мулозимлари барча битикларни соф туркий тилда ёзиб борганлар. Туркий тил қўшин бошқарувининг асосий воситаси саналган. Уларнинг кундаликлари кейинчалик форс тилида яратилган йирик асарлар учун пойдевор вазифасини ўтади. Масалан, Ғиёсиддин Али томонидан 1399 йилда ёзилган “Ҳиндистонгаюриш кундалиги”асари шу битикларга асосланган. Низомиддин Шомийнинг 1404 йилда ва Шарафуддин Али Яздийнинг 1425 йилда яратилган “Зафарнома” асарлари ҳам ушбу туркий манбалардан озиқланган. Шу уч бахшининг меҳнати туфайли Соҳибқироннинг ҳарбий юришлари ҳақидаги ишончли далиллар сақланиб қолган.
Саройда яратилган битикларни тасдиқлаш жараёни ҳайратланарли даражада пухта ва қатъий эди. Ҳар бир асар дастлаб қоралама ҳолида Соҳибқироннинг ўзига ўқиб эшиттирилган. Сўнг саройдаги пешқадам олимлар ва муаррихлар иштирокида кенг муҳокама қилинган. Бу шунчаки ўқиб бериш эмас, балки кескин илмий таҳлил ва очиқ ҳақиқат синови эди. Йиғилишда қатнашган ҳар бир гувоҳ воқеаларнинг қандай кечганини тасдиқлаши талаб этилган. Асар фақатгина ҳамманинг якуний тасдиғидан ўтгандан кейингина махсус котибларга топширилган. Улар бу бенуқсон матнни асл нусха сифатида оққа кўчирганлар. Бундай мураккаб усул ҳар қандай хатолик ёки ёлғоннинг олдини олган. Амир Темур давридаги бундай илмий ёндашув давлат ҳужжатларининг бебаҳо қийматини кўрсатади. Бугунги кун нуқтаи назаридан, бу масъулиятли таҳрир ҳайъатининг қадимий ва мукаммал кўринишидир.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг ёзишича, ўрта асрларда бахшилик мансаби яна бир қанча муҳим маъмурий вазифаларни ҳам ўзида жамлаган. Баъзи саройларда йирик маъмурий бинолар қурилишини назорат қилувчи амалдорлар ҳам бахши деб аталган. Темурийлар замонида ҳам уйғур хатида битувчи моҳир котиблар ва ҳужжат ишлари билан шуғулланувчилар шу ном билан улуғланган. Бу мансабнинг юксак мақомини Алишер Навоийнинг шажараси мисолида ҳам кўриш мумкин. Навоийнинг боболари ва отаси давлат саройида айнан бахши лавозимида хизмат қилган. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида бу ҳақда тўхталиб ўтади. Улуғ шоирнинг отасини эл орасида “андаккина бахши” деб аташганини баён қилади. Шунинг учун ҳам Навоийнинг отаси тарих саҳифаларида Ғиёсиддин бахши номи билан ҳам муҳрланиб қолган. Бу муҳит буюк шоирнинг шаклланишига таъсир кўрсатган.
Бугунги кунда ўзбек халқи орасида бахши деганда, қаҳрамонлик достонларини куйловчилар тушунилади. Бироқ бу атаманинг тарихий томирлари жуда теран, илмий ва маъмурий аҳамиятга эга. Улуғ аждодларимиз ҳукм сурган қудратли салтанатда бахшилар ҳақиқатнинг содиқ посбонлари ва миллат хотирасини сақловчилар бўлган. Амир Темурдек буюк жаҳонгирнинг тарих олдидаги масъулияти ва ҳақиқатга бўлган ҳурмати ҳар биримизга улкан ғурур бағишлайди. Мозийнинг ҳар бир саҳифаси ортида ана шундай заковат ва қатъий тартиб мужассам. Бу эса ўзбек давлатчилигининг пойдевори нақадар мустаҳкам илмий асосларга қурилганини яна бир бор исботлайди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА