Соҳибқирон даврида рақобат қандай бўлган?
Буюк давлат арбоби Амир Темур ҳукмронлиги даврида иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири — соғлом рақобат муҳитини яратиш ва уни қатъий тартибга солиш бўлган.
Соҳибқирон даврида савдо-сотиқ фақат даромад манбаи эмас, балки давлат қудратининг асосий устунларидан бири сифатида қаралган. Шу боисдан карвон йўллари хавфсизлиги таъминланиб, бозорлар ривожлантирилган ва савдогарлар учун қулай шароитлар яратилган. Натижада, бозорда эркин, лекин назорат остидаги рақобат муҳити шаклланган.

Айниқса, Самарқанд каби йирик савдо марказларида маҳсулот сифати ва нарх-наво устидан доимий назорат ўрнатилган. Сунъий нарх ошириш, инсофсиз савдо қилиш ёки истеъмолчини алдаш каби ҳолатлар кескин жазоланган. Ўлчов ва тарозилар адолатли бўлиши шарт қилинган — бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кўриниши эди.
Амир Темур саройида Кастилия қироллиги элчиси сифатида Самарқандга келган Руи Гонсалез де Клавихонинг “Кундалиги”да маълум қилинишича, Соҳибқирон ноҳалол савдогарлар, ҳунармандларни ҳам жавобгарликка тортган ва айниқса, нархларни сунъий оширишга қатъий қарши бўлган.
Бошқарув қоидалари жамланган “Темур тузуклари” асарида ҳам ҳалол савдо, тартиб ва адолат — бозор иқтисодиётининг асосий тамойиллари сифатида белгилаб қўйилган.
Амир Темур даврида шаклланган иқтисодий модель — бу эркинлик ва назорат уйғунлашган тизим бўлиб, унда рақобат бор, лекин у адолат қоидалари билан бошқарилади.
Бугунги кунда рақобат сиёсатида устувор бўлган шаффофлик, тенглик ва адолат тамойиллари янги тушунча эмас. Унинг илдизларига асрлар олдин, Амир Темур давридаёқ мустаҳкам асос қўйилган.
Н.Раҳмонова,
ЎзА