Соҳадаги муаммолар муҳокама этилди
Бухоро вилояти суди ташаббуси билан вилоятдаги барча тижорат банклари иштирокида судларда кредит билан боғлиқ ишлар кўрилишида аниқланган ҳолатлар ва соҳада юзага келаётган муаммолар бўйича семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоят суди раҳбарияти, вилоят суди судьялари, туманлараро иқтисодий судлар раислари, Марказий банк Бухоро вилояти бошқармаси, ҳудуддаги барча банкларнинг туман (шаҳар) филиаллари бошқарув раислари, кредит бўйича мутахассислар ва ҳуқуқшунослар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 2024 йил давомида одил судловни амалга оширишда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга ошириб келинаётганлигини таъкидлади.

Бундай тадбирлар орқали кредит беришга оид қонунчиликни қўллашда қонун устуворлигини таъминлаш, кредит бериш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини камайтириш, бу эса ўз навбатида судларда низоларнинг камайишига ҳамда иш бўйича тарафларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси таъминланишига хизмат қилади.

Семинарда барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар тингланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири