“Соғлом оила учун бирлашайлик!”
Бобур шаҳрида хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларни оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида Андижон вилояти Оила ва хотин-қизлар ҳамда спорт бошқармалари ҳамкорлигида “Соғлом оила учун бирлашайлик!” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Унда давлат фуқаролик хизмати ташкилотларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида фаолият юритаётган хотин-қизлар, олий таълим муассасаларининг талаба қизлари, уй бекалари ҳамда уюшмаган хотин-қизлар иштирок этди.


Марафоннинг очилишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўз олиб, юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси, умуман, жамиятимиз ривожида опа-сингилларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан саломатлиги муҳим аҳамият касб этиши, ўтказилаётган марафон эса уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга, соғлом турмуш тарзи тамойилларининг кенг жорий этишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Марафонда бир гуруҳ талаба қизларимиз иштирок этди. Улар жисмоний имкониятларини синовдан ўтказиш билан бирга, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этишга ҳам муносиб ҳисса қўшди, – дейди Андижон давлат педагогика институти ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гуландон Ғаниева.



Ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.