Соғлом фикр ва чуқур билимли ёшлар – юрт таянчи
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзуига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилиб, ёт оқимлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган зарарли ахборотларга нисбатан танқидий фикрлаш иммунитети мустаҳкамланмоқда.
Вилоятдаги диний таълим муассасалари ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари иштирокида ўтказилаётган тадбирларда сайёрамизда диний низо ва зиддиятлар авж олган бир даврда юртимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашилаётганининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритмоқда.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида бўлиб ўтган ана шу мавзудаги учрашувда Термиз шаҳридаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исломов ёшларнинг диний ва маънавий билимини ошириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, бағрикенглик ва соғлом дунёқарашни шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Мамлакатимизда бузғунчи ёт кучларга қарши куч ёки қурол ишлатиш билан эмас, балки онг ва тафаккур, билим ва маърифат билан курашиш ғояси негизида ўзига хос маъно мужассам. Унинг моҳияти инсонни, айниқса, ёшларни илм-фан, юксак маънавият, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида камолга етказиб, ёт ғоялар, радикаллашув, экстремизм ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

– Вилоятдаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда ўтказилаётган очиқ мулоқотларда диннинг тинчлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва илмга тарғиб қилувчи муқаддас қадрият эканини тушунтириб, уни сиёсийлаштириш ва сохта ғоялардан тозалашнинг аҳамияти хусусида фикр алмашяпмиз, – дейди “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исломов. – Аҳоли, шу жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини янада ошириш, ёшлар онгу шуурида турли ёт оқимлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган зарарли ахборотларга нисбатан танқидий фикрлашни ривожлантириш масалаларини ўртага ташлаяпмиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Ҳаким Термизий, Ал-Хоразмий сингари буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиб, улар билан фахрланиш туйғусини шакллантиришга, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва Ватанга муҳаббат ғояларини мустаҳкамлаб, илм-маърифатга чорлаяпмиз.

Дунёда турли ёт оқимлар тарқатаётган ёлғон ахборот негизида эътиқод эмас, балки сиёсий, иқтисодий, ҳудудий ва геосиёсий манфаатлар бор. Улар диний таълимотларни нотўғри ва тор маънода талқин қилиш орқали бошқа дин вакилларига нисбатан нафрат уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бизнинг мамлакатимизда диний адоват чиқариш, фуқароларни диний белгиларига қараб камситиш қонун билан ман этилган. Бундай хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликка олиб келади. Аслида динлар осойишталик, ободлик, эзгулик, инсонпарварлик, маънавий покликка хизмат қилади.

Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири