СМТИ эксперти: Афғонистон — минтақавий сув мулоқоти иштирокчиси
Жорий йилнинг 25-26 март кунлари Тошкент шаҳрида "Тошкент сув ҳафталиги – 2026" халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум ҳукумат, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусий сектор, илмий ва эксперт-таҳлилий ҳамжамият вакилларини бирлаштирган инклюзив хусусиятга эга бўлгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Асосий мунозаралар иқлим ўзгариши ва тегишли инфратузилмага юкламанинг ошиши шароитида сув ресурсларини бошқаришда технологиялар ва инновацияларни жорий этиш атрофида кечди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) маркази раҳбари Мурод Узоқов таъкидлаганидек, иқлим билан боғлиқ таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш умумминтақавий устувор вазифага айланмоқда. "Сўнгги йилларда табиий, антропоген ва техноген жараёнлар таъсирининг кучайиши кузатилмоқда, бу минтақанинг сув-иқлим мувозанатига салбий таъсир кўрсатмоқда", — деди у. Экспертнинг сўзларига кўра, бундай тенденциялар минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, экологик фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун жиддий таҳдидларни келтириб чиқаради.

Ҳозирги шароитда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш зарурати ортмоқда. Шу билан бирга, ўзаро манфаатли ечимларни ишлаб чиқиш учун янги истиқболларни очадиган сиёсий ишонч муҳити шаклланганига урғу берилди. Бундан ташқари, чегара ҳудудларидаги сув хўжалиги объектлари бўйича баҳсли масалаларнинг аксарияти аллақачон ҳал қилинган бўлиб, трансчегаравий дарёлардан сув олиш режимлари ва ҳажмлари келишиб олинмоқда.
Минтақа мамлакатлари эндиликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш босқичига ўтди. Мисол тариқасида СМТИ вакили Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг «Қамбарота ГЭС-1» қурилиши ва Норин дарёсининг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича муваффақиятли ҳамкорлигини келтириб ўтди. Марказий Осиё мамлакатлари сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга ҳамда сув ва энергетика соҳалари ўртасида муросага келишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистонда замонавий сувни тежайдиган технологиялар қўлланиладиган суғориладиган ер майдони ҳозирда 2,6 миллион гектарга (умумий майдоннинг 60 фоизи) етгани қайд этилди. Таққослаш учун, 2017 йилгача бундай майдонлар атиги 19 000 гектарни эгаллаган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида йилига тахминан 2,5 миллиард кубометр сув тежалмоқда.
Мурод Узоқов таъкидлаганидек, минтақавий сув ҳамкорлигида Афғонистон алоҳида ўрин тутади ва бу борада ҳамкорликнинг катта истиқболлари мавжуд. Шу муносабат билан афғонистонлик шериклар билан ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш, инновацияларни жорий этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда фаолиятни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Эксперт сув ресурсларини бошқариш самарадорлиги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирлашган ҳаракатларни амалга оширишга бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар минтақа сув хўжалигига илғор амалиётларни жорий этиш имконини беришига ишонч билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги кўмагида ўтказилди. Асосий ташкилотчилар қаторида "Iteca Exhibitions", ТИҚХММИ, Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамда бошқа етакчи миллий илмий-таълим ва таҳлилий институтлар бор. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти тадбирнинг стратегик шериги ҳисобланади.
ЎзА