Сиз келманг, ўзимиз борамиз
Бугун халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан “Сиз келманг, ўзимиз борамиз!” лойиҳаси доирасида вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларига борган ҳолда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бундай хизматлар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари жойида ўрганилиб аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатлари бартараф этилмоқда. Бу эса, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилади.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган етти ойда мавжуд 22 та Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда жами 3 минг 95 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Энг кўп сайёр хизматлар Бўстонлиқ, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳарларида ташкил этилди. Туман марказларидан олис ҳудудларда ташкил этилган 7 та филиал орқали эса бир ярим мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Сайёр хизмат давомида аҳоли бир қатор йўналишлар, жумладан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, болаларни давлат боғчаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш, пенсия ва нафақалар миқдори тўғрисида маълумотнома бериш, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш ва солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланмоқда.
Шунингдек, сайёр хизмат давомида хизматларни марказларга бормасдан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тарзда олиш ҳам тарғиб қилинмоқда. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахсларга марказга шахсан бориб тўланадиган тўловга нисбатан камроқ тўлаш имконияти, яъни имтиёз бериш орқали қулайликлар яратилган.
Бундай қулайликлардан самарали фойдаланиш эса фуқароларимизнинг вақти ҳам, маблағи ҳам тежалишига хизмат қилади. Қолаверса, давлат хизматлари марказларидаги навбат кутишларнинг олди олинади.
“Сиз келманг, ўзимиз борамиз!” Мазкур шиор билан марказ ходимлари фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга яқиндан кўмаклашмоқда.
А. Мусаев, ЎзА