Ер юзида агар биргина аёл қолса ҳам, демак, ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат бор, дейишади.
Дарҳақиқат, миллат давомчиси, келажак авлод тарбияловчиси бўлган аёлларнинг фидойилиги, меҳру садоқати ҳар жабҳада сезилиб, ўз сўзини айтиб туради. Бугун юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги иштироки, давлат бошқарувидаги ўрни ошиб бораётгани бежиз эмас. Зеро, уларнинг ҳар соҳадаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Натижада таълим, тиббиёт, сиёсат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, қўйингки, ҳамма соҳада хотин-қизларнинг ўрни кенгайиб бормоқда.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар ўз ҳаётида акс этган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаол депутати Умида Раҳмонова сиёсатдаги аёлларнинг ўрни ва роли, ташаббускорлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатини билдирди:
— Жамият ва давлатнинг ривожи ҳам эркаклар, ҳам аёллар иштироки билан боғлиқ. Сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нега айнан хотин-қизлар? Чунки кўп соҳаларда уларнинг иштироки кам эди. Шу балансни тўғрилаш мақсадида юртимизда хотин-қизлар алоҳида қўллаб-қувватланмоқда.
Бугун сиёсатдаги аёллар сони ортиб бормоқда. Сенат Раиси аёл экани, бундан ташқари, вазирлар орасида, туман ҳокимлари орасида аёллар борлиги эътиборга молик. Қувонарлиси, улар шу соҳаларда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Аёлларнинг ҳар жабҳада фаоллиги жудаям яхши. Чунки жамият ва оиланинг мустаҳкамлиги кўп ҳолларда аёлларга боғлиқ. Аёллар — фарзанд тарбияловчиси. Албатта, мукаммал ва кучли аёл қўлида тарбия топган фарзанднинг ҳаётга қараши, ўзига бўлган талаби ҳам бошқача бўлади, улкан режа ва мақсадлар билан яшайди.
Хотин-қизлар учун яратилган имкониятларнинг ҳар биттаси шахсан ўзимнинг ҳаётимда ҳам акс этмоқда. 24 ёшимда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати бўлганман. Илгари депутат деганда ёши каттароқ, қайсидир босқичларни босиб ўтган инсонлар тушунилган бўлса, ҳозир сиёсат ҳам анча ёшарди. Ҳар бир соҳанинг ривожланиши янгича қарашлар билан ҳам боғлиқ. Давлат хоҳ йигит, хоҳ қиз бўлсин, ёшларга ана шундай кенг имкониятлар берди. Мен ҳам ана шу имкониятлар натижаси ўлароқ бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи чақириқда ҳам фаолият кўрсатяпман. Мен каби имкониятлардан самарали фойдаланаётган хотин-қизлар сони жуда кўп. Бугун сиёсатдаги аёлларнинг нафақат жараёндаги иштироки, балки уларнинг айтадиган сўзлари бор. Муаммоларни ҳал этишда, халқчил қонунларни ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатишмоқда.
Умуман, хотин-қизларнинг барча жабҳадаги фаол иштироки, ўрни ошиб бораётгани уларга берилаётган кенг имкониятлар ва ишонч натижасидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/geVKPpKLVXk" title="Siyosatdagi ayollar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА