Сирдарёда “World Aquatics Day” сув спорти фестивали ўтказилди
Гулистон шаҳридаги вилоят сув спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг сузиш ҳавзасида бўлиб ўтган фестиваль ҳақиқий спорт байрамига айланди. Унда ёш спортчилар, мураббийлар, спорт фахрийлари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Бу эса вилоятда сув спортига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Фестиваль давомида сузиш бўйича маҳорат чиқишлари намойиш этилди. Ёш спортчиларнинг чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, сув полоси бўйича ўтказилган кўргазмали машғулотларда мазкур спорт турининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда замонавий тайёргарлик усуллари намоён қилинди. Бу каби амалий чиқишлар ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни юқори натижаларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30249]
Тадбир доирасида сузиш бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақаси ғолиблари ҳам тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган спортчилар Президент олимпиадасининг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Республика босқичига йўлланма олганлар орасида Диёра Хўжакелдиева, Рухшона Юсупова, Мафтуна Абдураззақова, Роҳиля Зоитова, Моҳичеҳра Иброҳимова, Ангелина Баранова, Муслима Расулова, Александр Мхоян, Камрон Зияров, Абдулаазиз Абдувалиев, Темур Музаффаров, Нурмуҳаммад Абдуманнонов, Мададбек Муҳаммадиев ва Марат Шакиров бор.
Парасузиш йўналишида эса Руслан Ҳазратқулов, Наврўз Тожимирзаев ҳамда Ҳуснора Саъдуллаева совринли ўринларни эгаллаб, Президент олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА