Сирдарёда тиббий кўрик ташкил этилди
Аҳоли саломатлигини асраш, намунали, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлигида муаммоси бор бўлган фуқароларга ташхис қўйиш ва даволаш борасида Сирдарёда ҳам муҳим қадамлар ташланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Сирдарёда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ тажриба-синов лойиҳа ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Муҳими, аҳолини рози қилиш, тиббиёт тизимини уларга яқинлаштириш бугунги куннинг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масалаларидан бирига айланмоқда. Бу борада эса амалга оширилаётган ишлар кутилган натижани бераяпти. Бунда Республикамиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва уларнинг малакали мутахассислари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур ҳамкорлик доирасида Республика ортопедия маркази директори Акбар Тилаков бошчилигида ушбу марказнинг “Чаноқ сон бўғими патологияси бўлими мудири Шуҳрат Шоимқулов, Тиббий суғурта тизимини жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Элдор Боймировлар вилоятда бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Улар вилоятнинг Гулистон туманидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Суғурта механизми билан боғлиқ ишларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида, соҳа ходимларига ўз маслаҳат ва тавсияларини берди. Шу билан бирга аҳоли мурожаатлари ўрганилиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада тиббий кўрик ташкил этилди.
Ўтказилган тиббий кўрик жараёнларида 20 дан ортиқ суяк сон соҳасида муаммоси бор беморларни текшириб, уларни даволаш бўйича соҳа мутахассисларига зарур тавсиялар берилган бўлса, 4 фуқаронинг мурожаати шу жойнинг ўзида ўрганилди ва амалий ёрдам берилди.
Ҳамкорликда ўтказилаётган бундай хайрли ишлар боис Сирдарёда ечимталаб бўлган, долзарб муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада ошиб, аҳолининг соҳа ходимларига бўлган ишончи кун сайин ортиб бормоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА