Сирдарёда мош экспортга тайёр
Дуккакдошлар оиласига мансуб мош жуда харидоргир маҳсулот. Мошни дунёнинг бир қатор давлатлари аҳолиси қаторида ўзбекистонликлар ҳам севиб истеъмол қилишади.
Ўтган йили Сирдарёда ғалладан бўшаган 17 минг гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилиб, ундан 23 минг тоннадан ошиқ ҳосил йиғиб-териб олиниб, шундан 21 минг 300 тоннаси Хитой, Афғонистон давлатларга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда эса ғалладан бўшаган 28 минг гектар ерга экилган мошнинг "Қаҳрабо", "Наврўз", "Дурдона", "Зилола", "Маржон", "Турон" каби ҳосилдор навларидан 37 минг тонна ҳосил олиш кутилмоқда.

Бу агрокластер, фермер хўжаликлари учун қўшимча даромад манбаи бўлибгина қолмай, Сирдарё вилоятнинг экспорт салоҳияти ортишига, деҳқон ва фермерларнинг даромади ошишига, бозорларимизнинг тўкин бўлишига хизмат қилади.
– Далаларда пишиб етилган, йиғиб-териб олишга тайёр бўлган ушбу маҳсулотнинг экспортбоплигини таъминлаш, ҳосилни турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси, унинг жойлардаги бўлимлари давлат инспекторлари ва уларнинг хизматига ҳам боғлиқ,– дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Саъдуллаев.–Тизим ходимлари уруғ ерга тушгандан пишиб етилгунга қадар бўлган жараёнларда бевосита иштирок этади. Тупроқ, ўғит, ерга қадалаётган, йиғиб-териб олинаётган маҳсулотлар таркибини таҳлил қилади, зарарли организмлар кириб келиши ва тарқалишига қарши курашиб, фитосанитария тадбирларини амалга оширади. Бу эса, ўз навбатида, такрорий экин сифатида экилган мошдан кўпроқ ҳосил олиниши имконини бермоқда.

Айни вақтда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экилган мош Сирдарёда пишиб етилди. Далаларда эса ҳар қачонгига қараганда иш қизғин, йиғим-терим ишлари авжида.
Йиғиб-териб олинган дастлабки маҳсулотлар эса экспортга тайёр. Шу кунларда мошии янги бозорларга чиқариш, экспортёрларга етказиб бериш устида иш олиб бориляпти.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири