Сирдарёда ИЭС қурилиши бошланди
Сирдарё вилоятида қуввати 1 минг 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, вилоят ҳокимлиги, “ACWA Power” компанияси(Саудия Арабистони)нинг юқори мартабали вакиллари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган мазкур лойиҳанинг фойдали иш коэффициенти қарийб 60 фоизни ташкил этади. Бу эса бошқа электр станциялари билан таққослаганда, ҳозирги вақтда электр энергияси ишлаб чиқариш учун истеъмол қилинаётган табиий газ миқдорини деярли икки баробар иқтисод қилиш имконини беради.

– Сирдарё иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилишига старт берилиши электр энергиясини сотиб олиш бўйича иккита келишув ва Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида муҳим аҳамият касб этади, – деди “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян. – Ўз навбатида, муҳим омил саналадиган Бухоро ва Навоий вилоятларидаги “Баш” ва “Жонкелди” шамол электр станциялари бўйича инвестиция келишувларининг имзоланиши бизнинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилишини рағбатлантириш жараёнидан илгарилаб кетишга бўлган интилишимизни ифодалайди. Ушбу лойиҳа бўйича эришилган натижалар биз учун фахрли эканини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Иқтисодиётни диверсификация қилиш, Саудия Арабистони Қироллиги ташқарисида хорижий инвестициялар ҳажмини максимал даражада ошириш ҳисобига биз Саудия Арабистонининг “Нигоҳ – 2030”га тўлиқ риоя қилишимизни батамом тасдиқлайди.
Дарвоқе, ушбу “ACWA Power” компанияси электр энергияси ва чучук сув ишлаб чиқариш бўйича ускуналарни яратиш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишга ихтисослашган. Мазкур компания 2004 йилда Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да рўйхатга олинган ва таъсис этилган. Айни пайтда ундаги ходимлар сони қарийб 3 минг 500 нафарни ташкил этади. Халқаро ҳамкорлик эса ҳозирги кунда Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 12 та мамлакатини қамраб олган.
Ушбу компаниянинг “портфель инвестиция” қиймати 61 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенг. Унда бир кеча кундузда коммунал хизматлар ва давлат-хусусий ҳамкорлиги моделлари аутсорсинги асосидаги узоқ муддатли офтейкер шартномалари доирасида давлат коммунал ва саноат корхоналари эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида улгуржи етказиб берилаётган 38,7 ГВт электр энергияси ва 5 миллион 800 минг метр куб чучук сув ишлаб чиқарадиган 60 та активни ўз ичига олади.
Лойиҳа реал вақт режимида ҳаво изоляциясига эга очиқ тақсимлаш қурилмаси орқали Ўзбекистоннинг миллий энергия тизимига узлуксиз электр энергияси узатиш ва куну тун электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш учун дунё экспертлари томонидан лойиҳалаштирилган энг замонавий конструкцион ечимлар, эксплуатация ва назорат воситаларидан фойдаланишни кўзда тутади.

Сирдарёда ана шундай юқори қувватга эга бўлган қуввати 1 минг 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошлаб юборилди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА