Сирдарёда энг кучли полвонлар аниқланди
Сирдарё вилоятида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида миллий кураш бўйича "Бош прокурор кубоги" мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан саралаб олинган 18–30 ёшли полвонлар бир гиламда жам бўлиб, нафақат ғолиблик, балки республика босқичи йўлланмаси учун ҳам муросасиз беллашди.
Беллашувлар миллий курашга хос жасорат, куч, чаққонлик ва юксак маҳоратга бой бўлди. Ҳар бир вазн тоифасида ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Полвонлар ҳал қилувчи паллаларда иродаси, жисмоний тайёргарлиги ва тактик маҳоратини намоён этиб, томошабинларга қизиқарли баҳсларни тақдим этди.
Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасида Мирзаобод туманидан Жасурбек Муродов 66, Сирдарё туманидан Шоҳрух Зарипов 81, Сайхунобод туманидан Фармон Шарапов 90, Сайхунобод туманидан Суннат Шавқиев ва Боёвут туманидан Аслиддин Қўлдошевлар эса +90 килограмм вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритишди.
Аёллар ўртасида Сирдарё туманидан Рўзигул Султонова 48, Боёвут туманидан Дилдора Каримова 50, Оқолтин туманидан Севинч Туйғунова ҳамда Сирдарё туманидан Фарангизхон Холосовалар эса 70 килограммлик вазн тоифалари бўйича барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринга сазовор бўлишди.
[gallery-30416]
Мусобақа якунларига кўра, ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритган полвонлар республика босқичига йўлланмага эга бўлишди. Шунингдек, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА