Сирдарёда "Энг фаол талаба" мукофоти таъсис этилади
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ташаббуси билан вилоятдаги мавжуд олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли, интилувчан, жамоат ишларида фаол, ўзининг аъло баҳолари ва хулқи билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган талабаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида "Энг фаол талаба" мукофоти таъсис этилмоқда.

Мукофот миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробарини ташкил этади. "Энг фаол талаба" жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ишчи гуруҳ томонидан аниқланиб, улар рўйхати вилоят ҳокимлигига тақдим этилади.
Бу талабалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, изланувчан, интилувчан, жамоат ишларида фаол талабалар сони ортишига, улар иқтидорини юзага чиқаришда ижобий аҳамият касб этади.



Вилоят ҳокими томонидан Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказилган "Талабаликка бағишлов" тадбирида билдирилган бу хайрли ташаббус нафақат талабалар, профессор-ўқитувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.
Ғулом Примов,ЎзА мухбири