Сирдарёда энергияни тежашга оид маълумотлар маркази қурилади
Сирдарё вилоятида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва юқори технологияли инвестицияларни жалб этиш йўлида яна бир йирик лойиҳага старт берилди. Малайзиянинг Basis Bay компанияси иштирокида Ширин шаҳрида замонавий Green Data Center (энергияни тежашга оид маълумотлар маркази)ни барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Малайзиянинг Basis Bay компанияси бош ижрочи директори Гоҳ Энг Ҳуи бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Унда лойиҳани амалга ошириш истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида юқори қўшимча қийматли хизматлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Учрашувда томонлар Ширин шаҳрида компаниянинг Марказий Осиё бўйича ушбу марказини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, лойиҳанинг ташкилий ва техник жиҳатлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шундан сўнг Малайзия делегацияси Ширин шаҳрига ташриф буюриб, лойиҳани амалга ошириш учун таклиф этилаётган ҳудуд билан танишди. Шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова, Сирдарё вилояти ҳокимининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров ҳамда тегишли мутахассислар инвесторларга ҳудуднинг инфратузилмаси, энергетика салоҳияти ва инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот тақдим этдилар.


Ташриф давомида инвесторлар ҳудуднинг мавжуд имкониятларини юқори баҳолаб, лойиҳани амалга оширишга катта қизиқиш билдирдилар. Улар яқин истиқболда уни амалий босқичга олиб чиқиш юзасидан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.


Мутахассислар таъкидлашича, мазкур Green Data Center'нинг ишга туширилиши замонавий рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш, ахборот технологиялари соҳасида юқори қўшимча қийматли хизматлар экспортини ошириш, янги юқори малакали иш ўринларини яратиш ҳамда Сирдарё вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини янада юксалтириш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири