Сирдарё журналистлари қадимий Хивада
Юртимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллик байрами арафасида Сирдарё вилоятининг бир гуруҳ фахрий ва ижодкор журналистлари учун қадимий ва навқирон Хива шаҳрига унутилмас саёҳат ташкил этилди. «Ватаннинг ҳар гўшаси азиздир бизга» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ушбу сафар қалам аҳлининг тарихий меросимиз билан яқиндан танишиши, маънавий ҳордиқ чиқариши ва ижодий руҳини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Журналистларнинг қадимий Хивага саёҳати Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашининг бевосита ҳомийлиги ва амалий кўмаги асосида ташкил этилди. Бу эзгу ташаббус, аввало, кўп йиллар давомида матбуот соҳасида самарали меҳнат қилиб, юрт ва халқ ҳаётини кенг ёритишга муносиб ҳисса қўшган фахрий журналистларни эъзозлаш, уларга муносиб ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, ижод аҳлининг маданий-маърифий дунёқарашини бойитиш мақсадларини мужассам этди.
Хива — тарих ва бугун уйғунлашган, асрлар сири ва аждодлар тафаккури мужассам бўлган ноёб шаҳар. Очиқ осмон остидаги музей шаҳарга ташриф буюрган сирдарёлик журналистлар унинг қадимий кўчалари, муҳташам меъморий обидалари ва бетакрор муҳити билан яқиндан танишдилар. Ичан-қалъа деворлари, тарихий мадрасалар, миноралар ва саройлар уларда аждодларимиз қолдирган бой маънавий-маданий меросга нисбатан янада юксак эҳтирос уйғотди.

Саёҳат давомида журналистлар нафақат тарихий обидаларни томоша қилдилар, балки Хива заминида кечган буюк тарих, илм-фан, маданият ва давлатчилик анъаналари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар. Ҳар бир тарихий иншоот, ҳар бир қадимий кўча улар учун ўзига хос сабоқ ва таассурот манбаи бўлди.
— Касаба уюшмалари Сирдарё вилояти кенгаши ҳомийлигида ҳар йили 50–60 нафар журналистни юртимизнинг турли тарихий масканларига саёҳатларга, гўзал табиат қучоғидаги оромгоҳларга дам олиш учун юбориш анъанага айланган. «Яхши дам — меҳнатга ҳамдам», деганларидек, бундай эътибор ва ғамхўрлик ҳамкасбларимизнинг кўнглига қувонч, қалбига илҳом бағишлаб, ижодий фаолиятига янги руҳ олиб кириши шубҳасиз, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова.
Дарҳақиқат, журналист меҳнати доимо изланиш, кузатиш ва янгиликка интилишни талаб этади. Шу боис бундай маънавий-маърифий сафарлар ижодкорлар учун оддий ҳордиқ эмас, балки янги таассуротлар, янги ғоялар ва ижодий илҳом манбаи ҳамдир. Айниқса, юртимизнинг тарихий шаҳарлари ва муқаддас қадамжоларига сафар қилиш қалам аҳлини Ватан тарихи ва бугунини янада теран англашга ундайди.

Сафар иштирокчилари Хиванинг бетакрор муҳити, қадимий меъморчилиги ва миллий қадриятлар уйғунлигидан катта таассурот олдилар. Аждодлар меросини ўз кўзлари билан кўриш, тарихий обидалар бағрида бўлиш уларнинг Ватанга бўлган меҳри ва фахрини янада мустаҳкамлади.
Энг муҳими, мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёнаси арафасида ташкил этилган ушбу саёҳат фахрий ва ижодкор журналистлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Самимий мулоқотлар, тарихий масканларга ташрифлар ва мазмунли ҳордиқ барчада кўтаринки кайфият уйғотди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири