Сирдарё хабарлари –қисқа сатрларда
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида “Startup Garagening” лойиҳасининг янги филиали очилди.
Бу ёш тадбиркорларга янада кўпроқ имкониятлар ва ресурслар тақдим этиб, бизнес ва тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилади. Сирдарёлик ёшларнинг ижодий ғояларини қўллаб-қувватлаб, уларни глобал бозорда рақобатбардош бизнеслар яратишга рағбатлантиради.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси, "IT Park Sirdaryo" ҳамда “Aloqabank” ташаббуси билан Гулистон шаҳрида иш бошлаган “Startup Garagening” филиали бизнеснинг турли, яъни аграр, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларида ўз стартапларини бошламоқчи бўлган, аммо иккиланиб турган ёшлар учун ниҳоятда қўл келиб, улар ўзлари қизиққан соҳалар бўйича амалий тажриба олишади. Бу тўғрида “Startup Garagening” лойиҳаси, унинг филиали очилишига бағишланган тадбирда батафсил маълумот берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида “AloqaVentures” вакиллари томонидан ёшларга бизнеснинг аввал бозорда фойдаланмаган тури– "venchur fond startap"ларга инвестиция жалб қилиш имкониятлари ва ҳамкорлик шартлари тушунтириб ўтилди,
10 га яқин стартап асосчиси лойиҳа экспертларига ўз лойиҳаларини тақдимот қилди.
***
[gallery-21822]
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда ҳудудий футбол ассоциациялари билан ишлаш бўлими раҳбари Бахтиёр Ширинов вилоят футбол академиясига ташриф буюрди.
Учрашув давомида вилоятда оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, мавжуд футбол инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда академияда ёш футболчиларга яратиб берилган шароитлар билан танишилди.
Меҳмонлар “Марказий ўйингоҳ”да бўлиб, у ерда бораётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Фахрий футбол ҳаками Ҳаким Шариповга "Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони топширилди.
***
[gallery-21823]
“Ёш китобхон” танловининг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг маҳалла, секторлар ҳамда туман-шаҳар босқичларида 10 мингга яқин ёш иштирок этиб, шундан уч ёш тоифаси бўйича 33 нафар иштирокчи вилоят босқичига чиқиб келиб, “Бадиий асарлар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартларида ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказишди.
Танлов натижаларига кўра, 10-14 ёш тоифасидаги баҳсларда республика босқичига қатнашиш учун йўлланмани Гулистон шаҳридан келган иштирокчи Иномжон Марқабоев, 15-19 ёш тоифасида ўтказилган мусобақада боёвутлик Шаҳнозабону Муродова, 20-30 ёш тоифасидаги синовларда эса Гулистон шаҳридан келган Шоира Зикриллаева қўлга киритди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари