Синовли кунларда суянч бўлган маҳалла
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳар бир оила ҳаётида турли синовли дамлар бўлади. Ана шундай оғир вазиятларда инсонга нафақат моддий кўмак, балки эътибор, меҳр ва қўллаб-қувватлов ҳам катта куч беради. Айниқса, оила боқувчисининг саломатлиги билан боғлиқ муаммо юзага келиб, рўзғор ташвишлари ортган пайтда манзилли ижтимоий ёрдамнинг аҳамияти янада ортади.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Жойилма” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бибинор Хидированинг оиласи ҳам ана шундай синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Оила бошлиғи Бобораҳмат Хидиров инсульт оқибатида I гуруҳ ногирони бўлиб қолган.
Шунга қарамай, оила ўз муаммолари билан ёлғиз қолмади. Хонадон аъзоларининг эҳтиёжлари ўрганилиб, улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Маҳалла ижтимоий ходими Самандар Менглиев томонидан оиланинг мавжуд муаммолари таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
[gallery-31230]
Жумладан, оила “Ижтимоий реестр”га киритилиб, болалар нафақаси тайинланди. Бибинор Хидирова тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниши учун ордер берилди. Хонадон ижтимоий пакет доирасида таъмирлаб берилди.
“Саховат ва кўмак жамғармаси” маблағлари ҳисобидан оилага кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Хонадон аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Б. Хидировнинг даволаниши учун ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатилиб, “Фаол ҳаёт” дастури доирасида хизмат ташкил этилди.
Оиланинг даромад манбасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бибинор Хидировага тикув машинаси олиб берилди. Бу эса келгусида ўз меҳнати орқали даромад топиши ва оилавий шароитини яхшилаши учун қўшимча имконият яратади.
Фарзандлар — Азиз ва Нурсултон математика тўгаракларига жалб қилинди. Бибизайнаб эса боғчага имтиёзли тартибда жойлаштирилди.
Шунингдек, оиланинг моддий аҳволини яхшилаш масаласи ҳоким ёрдамчисига йўналтирилди. Куз-қиш мавсумида электр энергияси харажатларини қоплаш учун оилага 1 миллион сўм компенсация берилди.
Бугун маҳаллада оиланинг ҳар бир муаммосига манзилли ёндашилиб, уни ҳал этишга кўмаклашилмоқда. Бу каби эътибор ва амалий ёрдамлар оиланинг қийинчиликларни енгиб ўтиши, фарзандлар келажаги ҳақида ишонч билан ўйлаши ҳамда ўз меҳнати билан турмуш шароитини яхшилаши учун муҳим омил бўлмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА