Сингапур таълим тажрибаси ўрганилди
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакилларидан иборат делегация таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида Сингапурга ташриф буюрди.
Маълумотларга кўра, ташриф давомида Сингапур таълим тажрибасини ўрганиш ҳамда мамлакатимизга татбиқ этиш бўйича бир қатор вазирлик ва идоралар билан музокаралар бўлиб ўтган.
Хусусан, ташрифнинг илк кунида Таълим инспекцияси вакиллари ва Сингапурдаги нодавлат олий таълим муассасаси «TMC Academy» бош директори ўринбосари Кендрик Тан билан учрашув ташкил қилинди.
Кендрик Тан «TMC Academy»нинг Тошкентдаги филиали фаолиятини янада кенгайтириш режаси билан ўртоқлашди.
Унга кўра, институтнинг моддий-техник базаси ва таълим фаолияти икки босқичда кенгайтирилади. Биринчи босқичда кейинги икки йил давомида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ошмаган 2 та янги ўқув биносини қурилади. Иккинчи босқичда Республиканинг бошқа ҳудудларида (хусусан, Тошкент вилоятида) институтнинг янги кампусларини қуриш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда, жумладан, ахборот технологиялари, молиявий технологиялар, киберхавфсизлик ҳамда докторантура дастурларида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга келишиб олишди.
ЎзА