Сифатли хизмат ва солиқ тўловчи манфаати устувор
Тошкент вилоят солиқ бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Президентимизнинг 2026 йил 19 майдаги “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур фармон солиқ органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, уларни назорат қилувчи тузилмадан солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатувчи ва кўмаклашувчи замонавий институтга айлантиришни назарда тутади.

– Бу фармоннинг бош ғояси – солиқ идораларини назорат қилувчи эмас, балки солиқ тўловчига кўмакчи ва хизмат кўрсатувчи органга айлантиришдир, – деди Тошкент вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Турсунбоев. – Айни пайтда ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида тизимда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Энди солиқ ходимлари фаолияти самарадорлиги фақат режа кўрсаткичлари билан эмас, балки солиқ тўловчиларга кўрсатилган хизмат сифати орқали ҳам баҳоланади.
Маълум қилинганидек, жорий йилнинг август ойидан бошлаб мижозга йўналтирилганлик индекси жорий этилади. Ушбу тизим орқали тадбиркорларнинг солиқ органлари хизматларидан қониқиш даражаси ҳар ой баҳоланиб, натижалари очиқ эълон қилинади. Хизмат сифати паст баҳоланган ҳудудий солиқ органлари фаолияти юзасидан тегишли чоралар кўрилади.

Фармон доирасида солиқ имтиёзларини қўллашда ҳам проактив ёндашув йўлга қўйилмоқда. Жорий йил кузидан бошлаб жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари ортиқча ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда, давлат идоралари ўртасидаги электрон ахборот алмашинуви асосида автоматик тарзда тақдим этилади. Бу фуқаролар учун қулайлик яратиш, бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омилларни бартараф этишга хизмат қилади.
Шунингдек, қурилиш ташкилотлари ва йирик корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини юридик шахснинг ҳар бир алоҳида бўлинмаси жойлашган ҳудуд бўйича бюджетга тўлаш тартиби такомиллаштирилмоқда.

Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса “Soliq-servis” АЖ томонидан бухгалтерия ҳисобини масофадан юритиш хизмати йўлга қўйилмоқда. Бу фермерлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг вақт ва маблағини тежашга хизмат қилади.
Анжуманда солиқ ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳар чоракда энг кўп учрайдиган хатоликлар бўйича махсус солиқ қўлланмалари тайёрланиб, очиқ эълон қилинаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, июль ойидан бошлаб солиқ органларига нисбатан жамоатчилик ишончини ўрганиш мақсадида мунтазам сўровномалар ўтказилиб, уларнинг натижалари кенг жамоатчиликка тақдим этилади.

Матбуот анжуманида солиқ тизимидаги рақамлаштириш жараёнлари, тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар, қонунчиликдаги янгиликлар, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Учрашувда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар давлат органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
А.Мусаев, ЎзА