Сифатли толадан замонавий кийим-кечаклар
Президентимизнинг 2015 йил 30 июлдаги фармойишига мувофиқ, шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади. Ҳар йили ўтказилаётган ярмаркада“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 30 июлдаги фармойишига мувофиқ, шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади. Ҳар йили ўтказилаётган ярмаркада“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.Самарқанд шаҳридаги “Бофанда” масъулияти чекланган жамияти мазкур халқаро тадбирнинг доимий қатнашчисидир. Корхонада пахта хомашёсидан тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.
– Ишлаб чиқариш технологияси ва цехларнинг эскириши натижасида бир муддат корхона фаолияти тўхтаб қолган эди, – дейди “Бофанда” масъулияти чекланган жамиятининг тижорат ишлари бўйича директори Жаъфар Абдуллаев. – Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз енгил саноат тармоғида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, соҳа учун имтиёз ва преференциялар берилгани бундай корхоналар ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Тегишли давлат дастури асосида 2012-2014 йилларда корхонада реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди. Цехлар янги лойиҳа асосида қайта қурилди, таъмирланди ҳамда жанубий кореялик инвесторлар кўмагида хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди.Дизайнерлар бугунги кун талабидан келиб чиқиб, болалар ва катталарга мўлжалланган трикотаж кийим-кечаклар намуналарини яратмоқда. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури элликдан ошди. Маҳсулотларимиз билан доимий равишда мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган кўргазмаларда қатнашяпмиз. Пойтахтимизда ўтказиладиган анъанавий халқаро пахта ярмаркасига тайёргарлик кўряпмиз. Мазкур тадбирда соф пахта толасидан тайёрланган маҳсулотларимиз билан бирга янги ўзлаштирилган йўналиш – флис матосидан ишлаб чиқарилган кийим-кечакларни ҳам намойиш этамиз.
Бугунги кунда корхона юртимизнинг турли ҳудудларида ўз савдо шохобчаларига эга. Хорижий мамлакатлардаги савдо уйлари орқали ҳам буюртмалар қабул қилиб, мижозларга юқори сифатли маҳсулот етказиб бермоқда. Замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилиши натижасида йўлга қўйилган “Интернет-магазин” тармоғи ҳам “Бофанда” ёрлиғи билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар харидорлари ортишига хизмат қилаётир.
Икки юз нафардан ортиқ хотин-қиз ва ёшлар меҳнат қилаётган корхонада ишчиларни минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Бу иш ўринларининг асосий қисми касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига мўлжалланган.