Сибир тоғ эчкилари фотоқопқонга муҳрланди
Угом – Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида ўрнатилган фотоқопқонлар ёввойи табиат ҳаётидан яна бир қизиқарли лавҳани қайд этиляпти. Қурилма маълумотларини таҳлил қилиш жараёнида икки бош Сибир тоғ эчкиси тасвирга муҳрланди.
Сибир тоғ эчкиси баланд тоғли ҳудудларда яшашга мослашган ёввойи ҳайвонлардан бири бўлиб, асосан тик қоялар, тоғ ёнбағирлари ва тошлоқ жойларда учрайди. Бақувват оёқлари ва мустаҳкам туёқлари унинг мураккаб қояли ҳудудларда ҳам эркин ҳаракатланишига имкон беради. Ушбу ҳайвонлар асосан ўтлар, тоғ ўсимликлари ва бута барглари билан озиқланади.
Фотоқопқонлар орқали олинаётган маълумотлар ёввойи ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳитидаги ҳаракатини кузатиш, тарқалиш ҳудудларини ўрганиш ва биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш чораларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Угом – Чотқол давлат миллий табиат боғининг илмий бўлими томонидан олиб борилаётган бундай кузатувлар тоғ экотизимларини ўрганиш ва ноёб табиат бойликларини асрашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА