Си - Лукашенко учрашуви: Евросиёда янги геосиёсий воқелик шаклланмоқда
Халқаро муносабатда куч мувозанати ўзгариб, давлатлар янги иқтисодий ва сиёсий шериклик форматларини излаётган бир шароитда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Пекинга ташрифи ва Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашуви халқаро экспертлар диққат марказида бўлди. Кузатувчилар фикрича, мазкур мулоқот нафақат икки давлат муносабатининг келгуси йўналишларини белгилаб бериши баробарида Евросиёдаги геосиёсий жараёнга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Мавзу юзасидан ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Гавҳар Холматова билан суҳбатлашди.
– Александр Лукашенконинг Хитойга ташрифи ва Си Цзиньпин билан учрашувини халқаро сиёсат нуқтаи назаридан қандай баҳолаш мумкин?
– Мазкур учрашувни оддий дипломатик ташриф сифатида баҳолаш тўлиқ манзарани очиб бермайди, чунки бугунги халқаро муносабатда давлатлар ўртасидаги алоқалар фақат сиёсий мулоқот билан эмас, балки иқтисодий манфаат, транспорт-коммуникация тармоғи, технология, хавфсизлик масалалари билан ҳам белгиланади. Шу маънода Пекиндаги учрашув жуда муҳим.
Аввало, мазкур мулоқот Хитойнинг Евросиё маконидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми сифатида кўрилади. Бугун Пекин ташқи сиёсатда ишончли шериклар тармоғини кенгайтиришга интиляпти, Беларусь эса географик жойлашуви туфайли бу жараёнда салмоқли ўрин эгаллайди. Европа ва Осиёни боғлаб турувчи транспорт йўлаклари кесишган нуқтада жойлашган Беларусь Хитой учун нафақат сиёсий, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам ўзига хос аҳамият касб этади.
Ушбу учрашув давомида томонлар сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, давлат суверенитетини қўллаб-қувватлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш каби масалаларни муҳокама қилди. Бу эса муносабатлар оддий дипломатик мулоқот даражасидан чиқиб, стратегик шерикликнинг амалий босқичига ўтаётганини кўрсатади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, учрашув кўп қутбли халқаро тизим шаклланаётган даврга тўғри келди. Сўнгги йилларда халқаро майдонда ягона марказга асосланган тартибдан кўра бир неча куч маркази иштирок этаётган тизим белгиларини кўриш мумкин. Беларусь ва Хитой яқинлашуви ҳам айнан шу жараённинг амалий кўриниши сифатида баҳоланмоқда.
– Бугун Хитой нега Беларусь билан муносабатга алоҳида аҳамият бермоқда?
– Бунинг сабабини, аввало, географик ва иқтисодий манфаат билан изоҳлаш мумкин. Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида жойлашган Беларусь Евросиё транспорт тармоғининг муҳим бўғини ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Пекин Минскни Европа йўналишидаги муҳим ҳамкор сифатида кўради.
Хитой илгари сурган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Беларусь алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи темир йўл ва логистика йўлаклари Чин маҳсулотларини Европа бозорига етказиш учун жуда қулай. Айни жиҳат Беларуснинг стратегик аҳамиятини янада оширади.
Беларусь Хитой учун фақат транзит ҳудуд эмас. Мамлакатнинг машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, саноат ва юқори технология соҳаларидаги имконияти ҳам хитойлик сармоядорларда қизиқиш уйғотмоқда. Минск эса ўз навбатида Хитой орқали инвестиция, технология ва янги экспорт бозорига чиқиш имконига эга.
Икки давлат муносабатлари бугунги даражага чиқишида “Буюк Тош” индустриал парки муҳим ўрин тутади. Бу лойиҳа Хитой иштирокида амалга оширилган энг йирик саноат ташаббусларидан бири бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий ифодасидир. Шу нуқтаи назардан Пекин ва Минск алоқалари келгуси йилларда янада чуқурлашиши эҳтимоли юқори.
– Беларусь – Хитой муносабатида Россия омилини четлаб ўтиш мумкинми?
– Йўқ, бу икки давлат муносабатини Россиядан алоҳида ҳолда таҳлил қилиш қийин, чунки Беларусь ташқи сиёсатида Москва ҳал қилувчи стратегик ҳамкор ҳисобланади. Минск ва Москва муносабати нафақат иқтисодий, балки ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан ҳам юқори даражада интеграциялашган. Шу боис Беларусь ва Хитой ўртасидаги ҳар қандай йирик келишув маълум маънода Россия манфаати билан ҳам кесишади.
Баъзи таҳлилчилар Пекин ва Минск яқинлашувини Россия таъсирини камайтиришга қаратилган қадам сифатида баҳолашга уринади, бироқ амалда вазият бироз бошқачароқ. Беларусь Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали ташқи иқтисодий имкониятини диверсификация қилишга уринмоқда. Бу эса Россия билан муносабатдан воз кечиш эмас, балки иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун қўшимча имконият яратишга қаратилган прагматик сиёсатдир.
Хитой ҳам бу жараёнга эҳтиёткор ёндашади. Пекин Москва билан кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантириб келмоқда. Энергетика, транспорт, молия, юқори технология ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик Россия – Хитой муносабати асосини ташкил этади. Шунинг учун Беларусь – Хитой муносабати Россия манфаатига қарши эмас, аксинча маълум жиҳатдан тўлдирувчи омил сифатида намоён бўлмоқда.
Айниқса, Евросиё иқтисодий иттифоқи ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси уйғунлашуви Минск, Москва ва Пекин манфаатини бир нуқтада бирлаштиради. Шу боис бугунги кунда экспертлар Пекин – Минск – Москва ўртасида шаклланаётган ҳамкорликни алоҳида геосиёсий формат сифатида кузатмоқда.
– Пекин – Минск – Москва учбурчаги келажакда Евросиёдаги сиёсий ва иқтисодий жараёнга қандай таъсир кўрсатади?
– Сўнгги йилларда халқаро муносабатда геосиёсий марказлар сони ортмоқда. Бундай шароитда Россия, Хитой ва Беларусь шериклиги нафақат уч давлат, балки бутун Евросиё минтақаси учун муҳим.
Аввало, мазкур ҳамкорлик транспорт ва логистика соҳасида янги имкониятлар яратади. Хитойдан Европа томон йўналтирилаётган юк ҳажми йил сайин ошмоқда. Бу жараёнда Беларусь муҳим транзит нуқта вазифасини бажаради. Темир йўл тармоқлари, автомобиль йўлаклари ва логистика марказларига киритилаётган инвестиция мамлакатнинг транзит салоҳиятини янада оширади. Натижада Евросиё бўйлаб савдо алоқалари жадаллашади.
Иккинчидан, мазкур учлик иқтисодий интеграциянинг янги шаклларини вужудга келтирмоқда. Хусусан, миллий валюталарда ҳисоб-китоб кўламини кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш ва қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш келажакда янада долзарб аҳамият касб этади. Бу эса ташқи иқтисодий босимга қарши барқарор механизм яратиш имконини беради.
Учинчидан, ҳамкорлик халқаро сиёсий майдонда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугун Россия, Хитой ва Беларусь БРИКС, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва БМТ каби майдонларда бир қатор масалалар бўйича яқин позиция намоён этмоқда. Агар мувофиқлашув кучайса, Евросиё маконида янги сиёсий ва иқтисодий конфигурация шаклланиши мумкин.
Умуман, геосиёсатда ҳар бир давлат, аввало, ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Шу сабабли Пекин, Минск ва Москва муносабати қанчалик яқин бўлмасин, истиқбол халқаро вазият, иқтисодий шароит ва глобал сиёсий жараёнга боғлиқ бўлиб қолаверади. Фақат шуниси аниқ: Лукашенко ва Си Цзиньпин учрашуви Евросиёда шаклланаётган янги геосиёсий жараённи англаш учун муҳим огоҳлик қўнғироғидир.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА