Шуша II Турк дунёси ёш шоирлар фестивалига мезбонлик қилди
Озарбайжоннинг Шуша ва Ағдам шаҳарларида II Турк дунёси ёш шоирлар фестивали бўлиб ўтди. ТУРКСОЙ, Ҳайдар Алиев жамғармаси ва Озарбайжон Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуман анъанавий “Воқиф шеърият кунлари” доирасида уюштирилди.
Ағдам Муғам марказида ташкил этилган асосий тадбирларда туркий давлатлар ёш шоирлари ўз ижод намуналарини кенг жамоатчиликка тақдим этди. Ёш ижодкорлар мулоқотини мустаҳкамлаш, туркий халқлар умумий меросини асраб-авайлаш ҳамда ягона турк дунёси адабий маконини шакллантиришга ҳисса қўшадиган фестивалда янграган энг сара шеърларни махсус антологияга киритиш режалаштирилган.
Иштирокчилар ўз асарларида Ватанга муҳаббат, туркий халқларнинг умумий тарихи, қардошлиги ва маънавий бирлигини тараннум этган. Хусусан, ўзбекистонлик ижодкорлар юртимизнинг тарихий ва маданий масканлари ҳақидаги шеърлари тингловчиларда жиддий қизиқиш уйғотди. Ёш адибларимиз ўз чиқишларида адабиётимизнинг буюк намояндалари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари ташрифи доирасида қардош юрт Ёзувчилар уюшмаси ва туркий давлатлар вакиллари билан учрашувлар ҳам ўтказди. Суҳбат чоғида Ўзбекистонда шундай анжуманлар ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Тантанали ёпилиш маросимида вакилларимизга ҳам турк дунёси адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси учун ТУРКСОЙ томонидан расмий сертификатлар, фахрий дипломлар топширилди.
Умуман, II Турк дунёси ёш шоирлар фестивали қардош халқлар маданий-адабий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш ҳамда умумий маънавий меросни келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим халқаро майдон сифатида эътироф этилмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия