Шуманайда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Тиббиёт карвони – саломатлик” тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбир Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони ташаббуси билан Нукус ҳарбий госпитали, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Шуманай тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилди.
[gallery-30857]
“Тиббиёт карвони” доирасида туманнинг 1 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди. Фуқароларга тор соҳа мутахассислари томонидан тиббий маслаҳатлар берилиб, саломатлик билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар тақдим этилди.
Кўрик давомида аҳоли рентген, УТТ, ЭКГ, лаборатория ва бошқа тиббий текширувлардан ўтказилди. Бу турли касалликларни эрта босқичда аниқлаш, аҳоли саломатлигини баҳолаш ва зарур тиббий чораларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир доирасида фуқароларга соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш ва ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА