Шубҳали хулосаларга ўрин қолдирмаган монография
Фалсафанинг борлиқ ҳақидаги таълимоти ўта муҳим ва долзарбдир. Фалсафа ҳақида сўз юритганда файласуфларнинг ҳеч бири борлиқ тушунчасини четлаб ўтмаган. Улар ўзларининг борлиқ ҳақидаги шахсий фикрларини билдириб, борлиқ муаммосининг турли қирраларини очишга ҳаракат қилган.
Демак, борлиқ муаммоси қадимий лекин навқирондир. Фикримизнинг далили сифатида таниқли файласуф Бахтиёр Тўраевнинг "Борлиқ" (фалсафий таҳлил) – монографиясини олиш мумкин. Бизнингча, ушбу монографияда «Борлиқ» тушунчаси ҳар томонлама, яъни диалектика нуқтаи назаридан илмий, яхлит ҳолда таҳлил қилинган. Ўқувчига борлиқ ҳақида тўла тасаввур беради десак, хато бўлмайди.
Борлиқ муаммосини тушунтиришда якдил фикр бўлмасада Бахтиёр Тўраев ўзининг кўп йиллик изланишлари, ҳаётий тажрибаси, жаҳон фалсафасининг борлиқ ҳақидаги фикрларни хулоса қилиш натижалари асосида ўқувчига мукаммал тушунчани беради.
«Борлиқ, – деб ёзади Б.О.Тўраев, –мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категориядир».
Борлиқни тушунтиришда кўпроқ табиий фанлар кашфиётларига мурожаат қилади ва уларга таяниб шахсий фикрларини мустаҳкамлайди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки Б.О.Тўраев фундаментал математика, физика, биология, химия, генетика фанларининг кашфиётлари билан яқиндан таниш ва шу фанлар муаммоларини билиши нуқтаи назаридан мукаммал ўрганган.
74 бўлимдан иборат бўлган бу монографияда борлиқнинг схемаси тасвирлаб берилганки, муаллифнинг ушбу соҳаларни мукаммал ўргангани ҳолда шахсий фикрларини мулоқотга киритган.
Биз юқорида қайд этилган бўлимларнинг баъзи бирлари ҳақида тўхталамиз. Жумладан, муаллиф монографиянинг биринчи бобида, яъни борлиқ фалсафаси (онтология) борлиқнинг умумий моҳияти ва мазмунини очиб беришда субстанция, «акциденция ва субстрат, борлиқ ва йўқлик, мавжудлик ва реаллик тушунчаларига эътиборни қаратган. Ушбу соҳалар борлиқ фалсафасининг кенг қирраларини тушунишга ёрдам беради.
Борлиқ ҳақидаги таърифларни таҳлил қилганда, унга шахсий таърифини берадики, бу таъриф менинг назаримда бошқа таърифлардан ўзининг қисқалиги, лекин кенг қамровлилиги билан фарқ қилади.
Монографиянинг иккинчи боби биринчи боб билан мантиқий боғланган ва борлиқнинг шакллари таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилган. Айниқса, борлиқнинг актуал ва потенциал, реал ва виртуал жиҳатлари ҳақида янгича ёндашилган ҳолда маълумотлар берилганки, бу маълумотлар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Жумладан, (намоён бўлиб турган) актуал борлиқ билан потенциал борлиқнинг ўзаро муносабатини муаллиф қуйидагича таърифлайди: «Борлиқнинг ҳали воқеликка айланмаган ва келгусида актуал воқеликка айланадиган муртак ҳолидаги қисми потенциал борлиқ дейилади. Потенциал борлиқ ҳали воқеликка айланишга улгурмаган актуал борлиқдир».
Монографиянинг учинчи бобида ўқувчини янада жиддийроқ ҳолда борлиқ категориясига ёндашишга ундайди. Чунки унда кўпгина адабиётларда ёритилмаган соҳалар акс этган.
Тадқиқотнинг долзарблиги шундаки, муаммо ҳозирги замон фан ютуқлари асосида таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилади. Олим муаммони тушунтиришга ўта масъулият билан ёндашади. Шубҳали хулосаларга ўрин қолдирмайди. Борлиқни тушуниши орқали одоб-аҳлоқ нормаларининг ижобий такомиллашига ёрдам беришини таъкидлайди. Борлиқдаги табиий ва ижтимоий соҳаларнинг ўзаро диалектик муносабатини очиб беради. Бунга далил сифатида китобдаги «тартибланганлик», «мўлжалланганлик», «фазо ва вақт моделлари», «боғланганлик», «ўлчамлилик» параграфларини олиш мумкин. Ушбу параграфлардаги таҳлиллар борлиқдаги турли хусусиятларни инсон фаолияти билан боғланганлиги, уларни билиш оламни бир бутун тушунишга ёрдам бериши таъкидланган.
Асарнинг тўртинчи боби янада қизиқарли ва тушунарли қилиб баён қилинганлиги боис ўқувчи ёки мутахассис ўзига керакли маълумотларни тўлалигича олади. Чунки борлиқнинг материя шакли ҳақида юзлаб, минглаб адабиётлар, мақола ва рисолалар, қарашлар мавжуд бўлса-да, муаллиф ушбу муаммога янгича ёндашиб, хулосалар чиқарган.
Монографиянинг бешинчи боби борлиқнинг шакли космологияга қаратилган. Унда космологиянинг моҳияти, космологик моделлар, Эйнштейннинг цилиндрсимон коинот модели, ностационар моделлар, портлаш назарияси, стационар кенгаювчи Коинот моделлари каби бир қанча бошқа соҳалар тадқиқ қилинган.
Мазкур монография 6-боб билан якунланар экан, унда онг борлиқнинг маънавий шакли сифатида таҳлил қилинган. Онгнинг воқелик инъикоси сифатида, онг ва нутқ, тил ва тафаккур, онгнинг таркибий унсурлари устида замонавий фикрлар билдирилган.
Еттинчи боб эса оламнинг бирлиги ва хилма-хиллиги масаласига бағишланган бўлиб, ўқувчилар бу бобдан оламнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигининг бирлиги ҳақида қизиқарли фалсафий ғоялар олиши мумкин.
Аввало, бу асар тинмай олиб борилган изланишларнинг, оғир меҳнатнинг натижасидир. Умуман айтганда, ушбу монография фалсафа фанининг «Борлиқ» тўғрисидаги хулосаларини ойдинлаштиради, мавҳумликдан аниқликка етаклайди. Шахс дунёқарашини кенгайтиради.
Китобнинг яна бир хусусияти шундаки, ундаги барча материаллар кирилл графикасидан ташқари лотин графикасида ҳам такрорлаб берилган. Бу лотин графикасида ўқувчи ёшларимизга муҳим ёрдамчи бўлишига ишонамиз.
Зиёдулла Давронов, фалсафа
фанлари доктори, профессор