Шри-Ланка делегацияси аъзолари “Олимпия шаҳарчаси” билан танишди
Шри-Ланка Ташқи ишлар, хорижга ишга жойлаштириш ва туризм вазирлиги котиби Аруни Ранаража хоним бошчилигидаги делегация аъзолари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” билан танишиб, мамлакатимизнинг спорт салоҳиятига юқори баҳо берди.
Спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов билан ўтказилган учрашувда икки мамлакат ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, мутахассислар, спортчилар ва мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар крикет, чим устида хоккей, олимпия спорт турлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма йиғинлар ва мусобақалар ташкил этиш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

Т.Рўзиев, ЎзА