Шўрланишга қарши самарали ечим
Мирзаобод туманининг Оқолтин ҳудудида жойлашган “Мирзачўл агро кластер” МЧЖ га қарашли дала майдонида ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини илмий асосда ташкил этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Сирдарё мелиоратив экспедицияси, туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ва туман мелиорация бўлими мутахассислари, шунингдек, аграр кластер раҳбарлари ҳамда соҳага ихтисослашган мутахассислар иштирок этишди.

Семинарда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда кузги-қишки даврда шўр ювиш ишларини ўз вақтида ва меъёр асосида амалга ошириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мутахассислар ички ирригация ва мелиорация тармоқларини, жумладан, ариқ, зовур ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳамда тозалаш, уларнинг ишчи қобилиятини сақлаш сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг асосий омилларидан бири эканини алоҳида таъкидладилар.

Маълум қилинишича туманидаги фермер ва кластерлар ҳисобида 908,5 километр ички ирригация ариқлари мавжуд бўлиб, уларнинг 344 километрини бетонлаштириш режалаштирилган. Жорий мавсумда 588 гектар ер майдонида шўр ювиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 2025 йилда 9,5 минг гектар ерда Шинжон усулида пахта етиштирилган бўлса, 2026 йилда ушбу кўрсаткични 17 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

– Қишлоқ хўжалигида барқарор ҳосил олиш, аввало, ернинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ. Агар шўр ювиш ишлари белгиланган муддатларда, меъёр асосида ва агротехника талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилса, тупроқ таркибидаги зарарли тузлар чиқариб юборилади ва ернинг ҳосилдорлик салоҳияти сезиларли даражада ошади, – деди семинарда иштирок этган Сув хўжалиги вазирлиги етакчи мутахассиси Диёрбек Абдуллаев.
Семинар жараёнида шўр ювиш агротехникасининг илмий асослари атрофлича тушунтирилди. Жумладан, ер майдонларини текислаш, ўқариқлар тортиш, пол олиб сувни бир текисда тарқатиш, сув бериш меъёрларига қатъий риоя қилиш ҳамда шўр ювиш жараёнида сувнинг тупроқ қатламларига сингишини доимий назорат қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Мутахассислар таъкидлашича, шўр ювиш натижасида ҳайдалма қатламда тўпланган зарарли тузлар зовурлар орқали чиқариб юборилади. Бу эса ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, нам захирасини тўплаш, уруғларнинг бир маромда униб чиқишини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа, вегетация мавсумида сув танқислигининг олди олиниб, суғориш самарадорлиги ошади.
Тадбирда, шунингдек, сув ресурсларидан белгиланган лимит доирасида тежамкор фойдаланиш, меъёрдан ортиқ сув олиш ва исрофга йўл қўймаслик, сувни зовурларга ташламаслик ҳамда сув тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга томчилатиб суғориш ва бошқа инновацион усулларнинг илмий-амалий афзалликлари, шунингдек, уларни жорий этишда берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Семинар якунида кластер раҳбарлари ва ер эгаларига шўр ювиш ишларини илмий асосда ташкил этиш бўйича амалий қўлланмалар тарқатилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича ва асосланган жавоблар қайтарилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири