Шоличиликни ривожлантиришда илмий ҳамкорликнинг ўрни ортиб бормоқда
Қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, шоличилик соҳасида илмий ёндашувларни кенг жорий этиш, янги навларни яратиш ва илғор агротехнологияларни қўллаш орқали юқори натижаларга эришиш муҳим. Бу борада халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви алоҳида ўрин тутади.
Шу мақсадда Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Шоличилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрди. Mеҳмонлар институтнинг илмий-инновацион фаолияти, замонавий лаборатория имкониятлари ҳамда шоли етиштириш, селекция ва уруғчилик йўналишларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.

Делегатсия аъзоларига олимлар томонидан яратилаётган юқори ҳосилли, касалликларга чидамли шоли навлари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш технологиялари ҳамда замонавий агротехник усуллар ҳақида батафсил маълумот берилди. Мазкур ишланмалар қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва ҳосилдорликни барқарор таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда томонлар ўртасида шоличилик йўналишида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий ютуқларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур ташриф икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва шоличиликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
М.Ҳижиакбарова, ЎзА