Шоир Шаҳриёрнинг Афғонистон таассуротларига оид китоби тақдимоти
Шаҳриёт Шавкат – тиниб-тинчимас, ғайрати тўлиб тошган, доим янги ғоялар устида изланадиган, самимий, ҳам қатъиятли, қалами ўткир ижодкор. Унинг Афғонистонга сафари ҳамда ушбу экспедиция асосида ёзган “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” китоби адабий-маърифий ҳаётимизда ўзига хос воқеликка айланди. Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мазкур китоб адабиёт ихлосмандлари учун совға бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Jadid” газетаси журналисти, шоир ва публицист Шаҳриёр Шавкатнинг “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” номли янги сафарнома китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Сафарнома китоб “Jadid” адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий ҳафталик газетаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Jadid” kutubxonasi” рукни остида чоп этилган.
Тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, маданият соҳасининг кўзга кўринган вакиллари, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида адабиётшунос олимлар, устоз ёзувчилар, журналистлар, ижодкор зиёлилар, миллий адабиётимиз мухлислари сўзга чиқиб, истиқлолнинг 35 йиллик байрами арафасида чоп этилган ушбу китоб ҳақида, унинг тарихий, бадиий, маърифий қиймати ҳақида батафсил сўзлади.
“Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” китоби муаллифнинг қўшни Афғонистон заминига уюштирган ижодий сафари давомидаги таассуротлари жамланмасидир. Ушбу зиёратнома Кобул, Ҳирот, Мозори Шариф, Балх, Андхўй, Тахор, Ғазни каби қадимий шаҳарлардаги бугунги ҳаёт, дарё ортидаги ўзбекларнинг яшаш тарзи ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этади.
[gallery-30703]
Буюк Амир Темур давлатининг турли нуқталарида илм-фан, маданият, ижод гуллаб-яшнаган даврларда дунё тамаддунига ҳисса қўшган аждодларимизни хотирлаш, улуғ аждодларимиз яшаб ўтган тупроқларга қадам қўйиш, уларни зиёрат қилиш барча зиёлиларнинг ҳам орзу истакларида бор.
Тақдимот тадбирида муаллиф тадбир иштирокчиларига сафарни амалга ошириш юзасидан ўз кузатувларини сўзлаб берди. Жаҳон тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир аждодларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Абу Райҳон Беруний, Мавлоно Лутфий Ҳиравий ва Гавҳаршодбегим каби сиймоларнинг сўнгги манзиллари, ушбу тарихий қадамжоларнинг бугунги аҳволи ҳаққоний ва таъсирли тилда баён этилган.
Тақдимотда сўзга чиққанлар улуғ аждодларимизнинг дунё бўйлаб тарқалган маданий меросини муҳофаза қилиш, уларни маънавий жиҳатдан ягона жилдга жамлаш ва бутун инсоният мулкигa айлантириш бугунги замондошларимизнинг муҳим бурчи эканини, Шаҳриёр Шавкатнинг “Jadid” газетаси ҳомийлигида амалга оширган ушбу сафари ана шу эзгу мақсадга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.
Ранг-баранг мақолалар, сафар таассуротлари, туркум шеърлар ва адабий суҳбатларни ўз ичига олган ушбу тўплам кенг китобхонлар оммаси, тарихчилар ҳамда адабиётшунослар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Давра суҳбатидан сўнг ёш шоирлар ўртасида шеърхонлик бўлиб ўтди.
Тадбирда Шаҳриёр Шавкат шеъри асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди. Маърифий кеча якунида йиғилганларга янги китоб туҳфа этилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига саёҳат уюштирилиб, кутубхона манбалари билан танишилди. Бир қатор ёш ижодкорлар мазкур кутубхонага аъзо бўлиб, ундаги манбалардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (суратлар), ЎзА