Шоҳжаҳон Эргашев АҚШда рингга кўтарилади
Профессионал бокснинг энг енгил вазн тоифасида (63,5) мағлубият нималигини билмай келаётган боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев навбатдаги жангини АҚШда ўтказади.
Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси хабар тарқатди.
IBF рейтингида 4-ўринни эгаллаб турган Эргашев энг енгил вазнда чемпионлик камари учун даъвогарлар жангида рингга кўтарилади.
– Айни пайтда IBF камари вакант бўлиб турибди. Навбатдаги жангим чемпионлик камарига даъвогарлик мақомида бўлиши лозим. Шу кунларда промоутер ва менежерлар бу борада музокаралар олиб бормоқда, — деди Шоҳжаҳон Эргашев.
Ушбу бокс баҳси ҳамюртимиз учун чемпионликка даъвогарлар жанги мақомида ўтадиган бўлса, катта эҳтимол билан Эргашев IBF рейтингида ундан олдинги қаторлардан жой олган аргентиналик Херемиас Понсе, пуэрто-рикалик Субриел Матиас ёки англиялик Жек Кеттероллга рўбарў келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Шоҳжаҳон сўнгги жанги – АҚШнинг Техас штатида ўтган бокс оқшомида мексикалик Анхел Мартинес Эрнандесни техник нокаутга учратганди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА