Шофирконда тиббий кўрик ўтказилди
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг бир гуруҳ мутахассислари навбатдаги тиббий кўрик ва оммавий профилактик тадбирларни Шофиркон туманида амалга оширди. Гуруҳнинг иши туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам ва реанимация бўлимлари фаолиятини ўрганишдан бошланди.
Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туман тиббиёт муассасасини 34 турдаги тиббий техника ва тиббий буюмлар билан жиҳозлаш стандартлари, даволанаётган беморлар ва уларнинг касаллик тарихлари, аҳолига сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш ҳамда марказни тор соҳа мутахассислари билан таъминлаш ишлари эътибор марказида бўлди.

– Марказ мутахассисларига амалий-услубий ёрдам кўрсатилгани ҳолда филиалдан 15 турдаги тор доира мутахассислари аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўригида қатнашди, – дейди филиали директори вазифасини бажарувчиси М. Ражабов. – Мазкур тиббий кўрик туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилди. Унда 200 нафарга яқин аҳоли вакили қатнашди.
Қайд қилинган беморларнинг 30 нафари УТТ кўриги, 35 нафари ЭКГ ва 16 нафари ФГДС текширувидан ўтказилди. Бу контингентдаги беморлар тор доирадаги мутахассислар томонидан сараланиб, туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволаниш ҳамда 18 нафар беморга диагностика ва даволаш, шундан 10 нафар беморга оператив даволаниши учун тавсиялар берилди. Аҳамиятли жиҳати, тиббий кўрикка жисмоний имконияти чегараланган, фаол ҳаракат қила олмайдиган 10 нафар ногирон фуқаро ҳам жалб қилиниб, уларга зарур оператив даво муолажалари ва керакли дори-дармон тайинланди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг бир гуруҳ гинекологлари Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасида “Маҳорат дарслари”ни ўтказган ҳолда бунда ётиб даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди. Марказнинг гинекология бўлими бошлиғи Ш.Маҳмудова ва гинеколог врач И.Саломовалар “бачадон миомаси” ташхиси остида перинатал ёшдаги бемор аёл У. Ҳожиевада кам инвазив мураккаб технологияли операцияни амалга оширди. Ушбу операцияга туман тиббиёт бирлашмасининг гинеколог мутахассислари жалб қилинди. Асосийси, бу жарроҳлик амалиёти орқали ёш аёлнинг репродуктив саломатлиги тикланишига эришилди.

Бундан ташқари, вилоятнинг юқори малакали шифокорлари иштирокида шофирконлик яна бир бемор, 1976 йилда туғилган, кўп йилдирки, “бачадон миомаси” дан азият чекиб келган Ш. Каримовада ҳам шундай операция амалиёти муваффақиятли қўлланилди. Бу оператив амалиётлар туфайли маҳаллий мутахассис врачлар ҳам ўз билим ва тажрибаларини оширди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири