«Шодлик»да болалар орзуси рўёбга чиқмоқда
Оқолтин туманининг «Шодлик» маҳалласида болалар учун замонавий спорт ўйингоҳи барпо этилмоқда. Маҳалла аҳолиси ташаббуси билан илгари сурилган ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова томонидан 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Депутат маҳаллага ташрифи давомида қурилиш жараёни билан танишди. Унга туман ҳокими ҳамда Халқ депутатлари Оқолтин туман Кенгаши депутатлари ҳамроҳлик қилди. Жойида қурилиш ишларининг сифати, шартнома мажбуриятларининг бажарилиши ва ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ўрганилди.
— Аслида, бу ташаббус маҳалла аҳолисининг ўзига тегишли. Улар болаларнинг спорт билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун замонавий ўйингоҳ қуриш таклифи билан чиқишди. Биз эса депутатлик ваколатимиз доирасида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни амалга ошириш учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилишига эришдик. Бундан кўзланган мақсад — маҳалла болалари учун спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятини яратиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ва ёш авлод камолоти учун муносиб шароит ҳозирлашдир. Зеро, аҳоли ташаббуси асосида амалга оширилган ҳар бир лойиҳа одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан қадрлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова.

Ўрганиш давомида қурилиш ишларининг белгиланган талаблар асосида олиб борилиши, пудратчи ташкилот томонидан шартнома мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилиши юзасидан масъуллар билан фикр алмашилди. Шунингдек, ташриф якунида пудратчи ташкилот ва маҳалла фаолларига спорт ўйингоҳи атрофини кўкаламзорлаштириш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда болалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича тавсиялар берилди.
Мазкур иншоот фойдаланишга топширилгач, «Шодлик» маҳалласи болалари спорт билан шуғулланиш, жисмоний қобилиятини ривожлантириш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун замонавий масканга эга бўлишади. Бу эса ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.


Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ўз сайлов округларидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳар йили икки мавсум давомида БҲМ нинг 8 минг баравари миқдорида маблағ йўналтириш ваколати берилган.
Жорий йил 1 августдан кучга кирган тартибга мувофиқ, депутатлар ажратилган маблағ доирасида бир мавсумнинг ўзида бир нечта лойиҳани қўшимча ғолиб сифатида танлаши мумкин. Бунда овоз бериш жараёнида етарли овоз тўплай олмаган, бироқ ижтимоий аҳамияти юқори бўлган ташаббуслар ҳам қўллаб-қувватланади. Сўнгги мавсумда мамлакат бўйича шундай 346 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилган.
«Шодлик»даги спорт ўйингоҳи — маҳалла аҳлининг истаги, депутатлик кўмаги ва амалий саъй-ҳаракатлар самараси. Бу ерда қад ростлаётган иншоот шунчаки спорт майдончаси эмас, балки болаларнинг соғлом ўсиши, орзу-интилишлари рўёбга чиқиши ва келажакдаги ютуқлари учун яратилаётган имкониятдир. Зеро, обод маҳалла ва соғлом авлод сари қўйилган ҳар бир қадам ана шундай эзгу ташаббуслардан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири