Шодлик ва ҳаяжонга бой байрам (+видео)
Бухорода анъанавий “Президент арчаси” тадбири бўлиб ўтди. Байрам дастурига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Юртбошимизнинг келажагимиз эгаларига кўрсатаётган ғамхўрлигининг ёрқин ифодасини ўзида намоён этган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, Президентимизнинг болажонларга йўллаган Янги йил байрам табригини ўқиб берди. Болаларга “Президент совғалари” топширилди. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди. Вилоятдаги 597 нафар болага мўлжалланган “Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 15 турдаги ширинликлар, 12 номдаги ўқув қуроллари, юмшоқ ўйинчоқлар ва бошқа совғалар киритилган. Шунингдек, 12 ёшдан катта тарбияланувчилар учун тайёрланган совғалар таркибидан велосипед ва самокатлар ҳам ўрин олган.
[gallery-21031]
“Президент арчаси” ўрнатилган катта саҳнада қорбобо ва қорқиз иштирокида вилоят театри ижодий жамоасининг меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғолиб чиқиши, инсон фарзанди доимо яхшилик ва хайрли ишларга интилиб яшаши ҳақида ҳикоя қилувчи эртак-спектакль намойиш қилинди. Байрамона безатилган арча атрофидаги шўх қўшиқ, тарона ва рақслар, болажонларга олам-олам қувонч, шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам тадбирлари нафақат вилоят маркази, балки ҳар бир шаҳар ва туманда янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган “Президент арчаси” тантаналари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини кенг қамраб олган ҳолда уюшқоқлик билан ўтмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/w_t2eZrv-MM" title="Shodlik va hayajonga boy bayram" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео+сурат), ЎзА мухбирлари.