Ширинда замонавий тиббиёт бўлими ишга тушди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги юқумли касалликлар бўлими тубдан реконструкция қилиниб, замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, вилоят соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари ҳамда соҳа фидойилари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши самарали курашиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳитини, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
2 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида бўлим биноси мутлақо янгича қиёфа касб этди. Муолажа ва ёрдамчи хоналар замонавий тиббиёт стандартлари асосида жиҳозланиб, санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган шароитлар яратилди. Беморлар учун қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар бир хонада зарур инфратузилма шакллантирилди.

Айниқса, халқаро тажриба асосида инфекцияларнинг тарқалишини чеклашга қаратилган ички режалаштириш ечимлари қўлланилгани аҳамиятлидир. Бу эса беморларни алоҳида жойлаштириш, тиббиёт ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш имкониятларини янада кенгайтирди.
Шунингдек, "ACWA Power" компанияси кўмагида бўлим замонавий юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса тиббиёт муассасасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Янгиланган бўлим 10 та алоҳида хонадан иборат бўлиб, уларнинг 5 таси икки ўринли, 5 таси бир ўринли тарзда ташкил этилган. Умумий сиғими 15 ўринни ташкил этувчи мазкур бўлим юқумли касалликка чалинган беморларни изоляция қилиш, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ҳар бир беморга индивидуал ёндашув асосида хизмат кўрсатиш имконини беради.
– Янги бўлим, унда яратилган шарт-шароит ва қулайликлар нафақат олдингидан тубдан фарқ қилади, балки ҳудудда юқумли касалликларни эрта аниқлаш, уларни замонавий усуллар асосида даволаш ҳамда эпидемиологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди юқумли касалликлар бўлими мудири Умид Шарифжонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири