Ширбудинда Наврўз шодиёнаси
Наврўз шукуҳи ҳукмрон айни кунларда юртимизнинг турли гўшаларида шукрона дастурхонлари ёзилиб, юртдошларимизга қувонч улашилмоқда, меҳр-оқибат, самимият ва бирдамлик туйғулари такрор-такрор қадр топмоқда.
Ана шундай тадбирлардан яна бири Бухоро шаҳридаги “Ширбудин” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Наврўз дастурхони атрофида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, маҳалла аҳли жам бўлди.
Тадбир баҳонасида асрлар давомида Наврўз сайли кенг тантана қилинган Ширбудинда яна шодиёна кайфият ҳукмрон бўлди. Аждодларимизнинг инсоний фазилатлари, бунёдкорлик ташаббуслари ёдга олинди.
[gallery-6343]
Шодиёна давомида тадбир иштирокчиларига бухороча софи ош ҳамда Наврўз неъматлари улашилди, якка ёлғиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз ҳолидан хабар олинди.
Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳузуридаги “Бухорча” ансамбли, “Ширу шакар” ҳамда “Ситораи Моҳи-хоса” халқ бадиий жамоаларининг чиқишлари барчага байрамона кайфият бағишлади.
Тоҳир ИСТАТОВ, ЎзА фотомухбири