"Шинжон" технологиясининг афзалликлари
Оқолтин туманидаги “Оқолтин кўрки фахри” фермер хўжалигида чигит экишга бағишланган семинар ташкил этилди. Тадбирда соҳа мутахассислари, тажрибали фермерлар ва агрономлар иштирок этиб, пахта етиштиришда илғор агротехник тадбирлар, замонавий технологик ёндашувлар ҳамда органик ва минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш тажрибаси ҳақида фикр алмашдилар.
Семинар доирасида фермерларга суғориш тизими самарадорлигини таъминлаш, ўғитланишни режалаштириш ва касалликларга қарши профилактика ишларини олиб бориш каби амалий масалалар бўйича тавсиялар берилди. Шу билан бирга, пахта етиштиришда инновацион илмий усуллар — тупроқ ва уруғ ҳолатини таҳлил қилиш, микроэлементлар билан бойитиш ва экиннинг ўсиш даврида биологик фаолликни назорат қилиш каби ёндашувлар ҳам кенг муҳокама қилинди.

Жорий йилда тумандаги фермер ва агрокластерларга қарашли 13 минг 500 гектар ер майдонида, шундан 8 минг гектарида замонавий “Шинжон” технологияси асосида чигит экиш режалаштирилган. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, “Шинжон” технологияси асосида экилган чигит анъанавий тарзда экилганига нисбатан ўсувчанлиги, ҳосилдорлиги ва чидамлилиги бўйича юқори самара беради.

Семинарда иштирокчиларга “Шинжон” технологиясининг агротехникаси, уруғ тайёрлаш ва экиш усуллари батафсил тушунтирилди. Эслатиб ўтиш керакки, бу технология нафақат назарий билимга асосланади, балки фермерларнинг амалий ишига ҳам тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Аввало, уруғлар бир хил ўсади ва тез етилади. Бу эса пахта ўсимлиги даражасини тенглаштириб, ҳосилнинг барқарорлигини таъминлайди. Кейин эса ер ва тупроқ билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди: “Шинжон” технологияси тупроқни юмшатиб, унинг намлигини узоқ вақт сақлаб туради, бу эса сув тежамкорлигини ошириб, экиннинг яхши ўсишига хизмат қилади.

Харажатларни оптималлаштириш масаласи ҳам алоҳида ўрин олди. Замонавий технология орқали минерал ва органик ўғитлардан самарали фойдаланиш имкони пайдо бўлади, бу фермернинг иш самарадорлигини ва иқтисодий фойдасини ҳам оширади.
Ниҳоят, бу технологиянинг энг кўзга ташланарли натижаси — умумий ҳосилдорликка таъсиридир. Илмий таҳлиллар ва агротехника қоидалари асосида олиб бориладиган чора-тадбирлар ҳосилни 10–15 фоизга гача кўпайтириш имконини беради. Шу тариқа, “Шинжон” технологияси нафақат экиннинг сифатини ва ҳосилдорлигини яхшилайди, балки фермерларнинг меҳнатини ва ердан самарали фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

– Жорий йил баҳорги дала ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда, – дейди туман Фермерлар кенгаши раиси Акбар Тангиров. – Чигит экишнинг самарали ташкил этилиши нафақат ҳосилдорликка, балки ердан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Фермерларимиз юқори масъулият билан замонавий “Шинжон” технологияси ва илғор агротехник тадбирлардан фойдаланиб, ҳосилнинг мўл бўлиши учун барча чораларни кўрмоқдалар. Ҳар бир фермернинг малакаси ва меҳнати ҳудуд пахтасининг юқори сифати ва республикадаги умумий ҳосилни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар таъкидлаганидек, илмий асосланган “Шинжон” технологияси нафақат ҳосилдорликни оширади, балки ернинг биологик ҳоли ва экотизим барқарорлигини ҳам таъминлайди. Бундай технологиялар орқали қишлоқ хўжалигидаги анъанавий усуллар илмий асосда такомиллаштирилади ва замонавий агросаноат салоҳияти юксалади.
Бу ташаббус ҳудудда қишлоқ хўжалиги соҳасини илмий ва замонавий технологиялар билан ривожлантиришдаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири