Шинжон тажрибаси: Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг янги қирралари
3-7 август кунлари Ўзбекистондан давлат хизматчилари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Дўстлик делегацияси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Урумчи ва Қашғар шаҳарларида саноат корхоналари, транспорт-логистика инфратузилмаси, маҳаллий жамоалар, маданий-маърифий муассасалар ва қишлоқ хўжалиги объектлари фаолияти билан танишди. Маҳаллий аҳоли ва турли ташкилотлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди.
Сафарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, делегация аъзолари Шинжон ҳаёти ва тараққиёти билан бевосита танишиш, амалий тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистон учун қизиқарли жиҳатларни белгилаб олиш имконига эга бўлди.
Делегация Урумчи халқаро қуруқлик порти ҳудудида бўлиб, Хитой – Европа йўналишида ҳаракатланаётган юк поездлари тармоғи билан танишди.
Мазкур инфратузилма Хитойнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, юк ташиш географиясини кенгайтириш ва халқаро транспорт йўлакларини самарали ишга солиш борасидаги имкониятларини яққол намоён этади.
Делегация аъзоларини, айниқса, Урумчи халқаро қуруқлик портининг истиқболли ривожланиш йўналишлари қизиқтирди. Транспорт коридорларининг ишлаш механизми, савдо алоқаларини кенгайтириш ва логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур тажриба Ўзбекистон учун ҳам жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий қуруқлик транспорт йўлакларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Урумчидаги халқаро қуруқлик порти тажрибаси ҳам бу борада эътиборга молик амалий мисоллардан бири сифатида баҳоланди.
Бу каби мулоқот ва тажриба алмашинувлари Ўзбекистон ва Хитой ўртасида транспорт-логистика, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.

Делегация Шинжоннинг “Иньдолань” фармацевтика компаниясида ҳам бўлиб, анъанавий хитой ва миллий тиббиётда қўлланиладиган доривор воситаларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Корхона фаолиятида доривор хомашёни етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ишлари ва бозорга чиқаришгача бўлган яхлит занжир шаклланган.
Ташриф чоғида ишлаб чиқаришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сув тақчиллиги Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалалардан бири эканини ҳисобга олганда, корхонанинг айланма сув таъминоти тизимига оид тажрибаси қизиқиш уйғотди.
Бундай тажрибаларни ўрганиш ва истиқболда технологик алмашинувни йўлга қўйиш икки мамлакат ўртасида экологик барқарорлик ва ресурсларни тежаш соҳасидаги ҳамкорликни мазмунан бойитиши мумкин.
Урумчи шаҳридаги Гуюаньсян турар жой жамоасида бўлган делегация аъзолари маҳаллий аҳоли учун яратилган ижтимоий ва маиший шароитлар билан танишди.
Бу ерда турли миллат вакилларининг бир ҳудудда аҳил-иноқ яшаши, аҳолига кексалар ва болалар парвариши, низоларни ҳал этиш, маданий ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш каби хизматлар кўрсатилиши билан танишилди.
Шунингдек, делегация вакиллари маҳалла ва жамоани ривожлантириш манбалари, аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш механизмлари билан қизиқди.
Бу тажриба Ўзбекистонда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, аҳоли билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий этиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ва Хитойда аҳоли манфаатларини маҳаллий даражада таъминлашга эътибор қаратилаётгани, бу борадаги тажриба алмашинуви икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантириши мумкин.
Делегация 5 август куни Қашғар шаҳрига йўл олди.
Қашғарнинг қадимий қисмидаги Ид-Каҳ масжиди ҳамда тарихий ҳудудни комплекс асраш ва ривожлантиришга бағишланган мемориал музейда бўлиб, шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаш, меъморий меросни асраб-авайлаш ва замонавий шаҳарсозлик билан уйғунлаштириш борасидаги ишлар билан танишилди.
Ўзбекистон учун ҳам тарихий шаҳарлар ва меъморий обидаларни асраб-авайлаш муҳим йўналишлардан бири. Шу маънода Қашғарнинг тарихий муҳитини сақлаш ва ривожлантириш бўйича ёндашувлар ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим манба бўла олади.
Шинжондаги яна бир йўналиш – чўлланишга қарши кураш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари ҳам делегация эътиборини тортди.

Юйпуху уездининг Давақун ҳудудидаги ихота дарахтзорлари ва чўлланишга қарши кураш майдонларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида экологик ҳимояни қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий фаолият билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани кўринди.
Қум кўчиши ва чўлланиш муаммоси Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Шу боис Шинжоннинг бу йўналишдаги амалий тажрибаси икки мамлакат ўртасида экологик ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим асос бўлиши мумкин.
Қашғардаги “Луцзянцин” қишлоқ хўжалиги технологияларини ривожлантириш компанияси ҳамда Цзяши уездидаги янги навли олхўри етиштиришга ихтисослашган замонавий саноат парки фаолияти билан танишув чоғида қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси, маҳсулотни брендлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бир қаторда, уларни қайта ишлаш, қадоқлаш, бренд яратиш ва бозорга юқори қўшилган қиймат билан чиқариш бугунги рақобат муҳитида муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Шинжонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қийматини кўпайтириш борасида шаклланган ёндашувлар Ўзбекистон учун ҳам қизиқиш уйғотади.
Ташриф давомида делегация аъзолари Шинжоннинг иқтисодий салоҳияти билан бирга, ҳудуддаги кундалик ҳаёт, маданий муҳит ва жамоалар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бир неча кунлик сафар давомида замонавий саноат, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, экологик барқарорлик, тарихий-маданий меросни асраш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишлар яхлит тизим сифатида намоён бўлди.
Эътиборли жиҳати, делегация аъзолари ҳар бир йўналишни Ўзбекистон эҳтиёжлари ва имкониятлари нуқтаи назаридан баҳолади. Хусусан, транспорт коридорларини ривожлантириш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, чўлланишга қарши кураш ва маҳаллий жамоалар фаолиятини такомиллаштириш каби масалаларда ҳамкорлик учун қатор истиқболли йўналишлар борлиги қайд этилди.
Бу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора янги мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Савдо-иқтисодий алоқалардан ташқари, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, маданият ва гуманитар соҳалардаги мулоқотлар ҳам изчил ривожланмоқда.
Шинжонга мазкур ташриф эса ана шу ҳамкорликнинг амалий мазмун касб этаётганини кўрсатди. Энг муҳими, делегация аъзолари юртга қайтар экан, нафақат таассурот, балки ўрганиш ва татбиқ этиш мумкин бўлган аниқ тажрибалар билан қайтмоқда.
Энди навбат – кўрилганларни таҳлил қилиш, фойдали жиҳатларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш ва бу тажрибалар ҳақида жамоатчиликка холис ахборот етказишда.
Зеро, бундай ташрифларнинг аҳамияти нафақат бориб кўришда, балки кўрилган тажрибадан янги имкониятлар излашдадир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА