Шифокорларга янги ёрдамчи: Microsoft тиббий сунъий интеллект яратмоқда
Microsoft ва АҚШдаги нуфузли “Mayo Clinic” тиббиёт маркази соғлиқни сақлаш соҳаси учун махсус сунъий интеллект модели устида иш бошлаганини эълон қилди.
Янги тизим шифокорларга ташхис қўйиш, даволаш режасини танлаш ва катта ҳажмдаги тиббий маълумотларни таҳлил қилишда ёрдам бериши кутилмоқда. Лойиҳа муаллифлари уни хавфсиз ва ишончли тиббий сунъий интеллект сифатида тақдим этмоқда.
Янги модель Mayo Clinic’нинг клиник тажрибаси, шахсий маълумотлардан тозаланган тиббий базаси ва беморлар ҳақидаги билимларини Microsoft’нинг сунъий интеллект ҳамда булутли технологиялари билан бирлаштиради. Бу эса тизимга турли тиббий маълумотларни бир вақтнинг ўзида таҳлил қилиш имконини беради. Ишлаб чиқувчилар эрта ташхис қўйиш ва ҳар бир бемор учун индивидуал ёндашувни кучайтиришни мақсад қилган.
Ҳозирча модель Mayo Clinic клиник муҳитида синовдан ўтказилмоқда. Мутахассислар уни реал шароитда текшириб, камчиликларини аниқлаш ва такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Лойиҳанинг шифохоналарда қачон қўлланилиши ҳақида ҳозирча аниқ муддат айтилмаган.
Сўнгги йилларда тиббиёт сунъий интеллект учун энг истиқболли йўналишлардан бирига айланди. Бундай технологиялар миллионлаб тиббий маълумотларни қисқа вақт ичида таҳлил қилиши, шифокорларга мураккаб қарорлар қабул қилишда кўмаклашиши ва қоғозбозликни камайтириши мумкин. Шу билан бирга, аниқлик, махфийлик ва масъулият масалалари ҳали ҳам асосий баҳс мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотларга кўра, одамлар соғлиқ ҳақидаги маълумотларни тобора кўпроқ сунъий интеллект воситалари орқали изламоқда. Буюк Британияда ўтказилган сўров натижалари ҳар тўрт нафар бемордан бири 2025 йилда ChatGPT ва ижтимоий тармоқлардан тиббий маслаҳат олишга мурожаат қилганини кўрсатган. Бу эса тиббиёт ва сунъий интеллект ўртасидаги интеграция янада чуқурлашаётганидан далолат беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА