ШҲТ – халқаро муносабатларнинг ноёб институти
Сўз – анжуман иштирокчиларига
Тошкентда 10 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ёшлар кенгашининг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. ЎзА мухбири учрашувда қатнашган хорижий делегациялар вакиллари билан Ўзбекистон раислигида ташкил этилган мазкур ёшлар форуми доирасида бўлиб ўтган тадбирлар хусусидаги фикр-мулоҳазалари ва таассуротлари билан қизиқди.
Ақерке ИСКАНДЕРОВА,
Қозоғистон Республикаси “Аманат” партияси Ёшлар қаноти алоқа ва халқаро ҳамкорлик бўлими мудири:
– Узоқ танаффусдан сўнг мана шундай ажойиб тадбирда бевосита қатнашиб, ҳамкорлар билан дийдор кўришганимиздан чексиз хурсандмиз. Аслида, пандемия даврида ҳам ШҲТ Ёшлар кенгаши фаолияти тўхтагани йўқ. Демак, бемалол айтиш мумкинки, ушбу ташкилот халқаро муносабатларнинг ноёб институти. Бу гал ҳам минтақамиз ёшлари кўплаб долзарб масалаларни қизғин муҳокама қилишди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар кенгаши турли маданият, менталитетга эга, аммо мақсадлари муштарак бўлган турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирган. Айни шу жиҳат йил сайин тузилма фаолиятини ривожлантириш, модернизация қилиш ва кенгайтириш имконини бермоқда.
Хуллас, биз биргаликда ишлашга, буюк мақсадларга эришишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Алексей КАРПЕНКО,
ШҲТ Ёшлар кенгаши котибияти раҳбари:
– Аввало, тадбирни юқори даражада ташкил этгани учун барча шерикларимиз номидан Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдираман. Эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда бир неча учрашувни онлайн ўтказишга тўғри келганини ҳисобга олсак, бу галги мулоқотимиз ҳамма учун айни муддао бўлди.
Тошкентда бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик тадбир уюштирилган. Масалан, стартап лойиҳалари танловида иштирок этган ёшлар билан учрашганимда гувоҳи бўлдимки, ҳамманинг кайфияти аъло, ёш ўғил-қизларнинг кўзлари ёниб турибди. Бундай муҳит ШҲТ майдонида иш суръатини ошириб, олға силжишга ёрдам беради.
Умиджон РАҲИМЗОДА,
ШҲТ Ёшлар кенгаши Тожикистон миллий бўлими раҳбари:
– Бутун дунёда ёшлар бунёдкор ва илғор синф сифатида мамлакатлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти юксалишини таъминловчи кучга айланмоқда. Ҳозир дунё ёшларининг, қарийб, ярми ШҲТ маконида яшайди. Демак, ташкилотни ижодкор, фаол ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Таъкидлаш жоиз, Тошкентда ўтказилган “Unicorns SCO” танловида ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг малакасини оширишга кўмаклашувчи ижтимоий дастурлар яратиш бўйича қизғин фикр алмашилди. ШҲТ Ёшлар кенгашининг барча миллий бўлинмалари фаолияти самараси ўлароқ, энг иқтидорли ёш стартапчилар аниқланди.
Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ
ёзиб олди.
ЎзА