ШҲТ саммити хорижий ОАВ нигоҳида
Самарқандда ўтказилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити тафсилоти дунёнинг етакчи ахборот манбаларида асосий мавзу бўлиб қолмоқда.
Россиянинг “Первий канал” телеканали сайтида саммитга оид “Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари: ШҲТ қудрати ортмоқда”, “Бугун Самарқандда 14 давлат етакчиси йиғилди” сингари 10 дан зиёд мақола, кўплаб хабарлар эълон қилинди.
"Мир-24" телеканалида эълон қилинган материалда саммитнинг биринчи куни воқеалари батафсил баён этилган. "ШҲТ саммитида, аллақачон, ўнлаб муҳим ҳужжатлар имзоланди. Шундай қилиб, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорликда темир йўл қуради. Янги транспорт йўлаги уч мамлакатни Жануби-шарқий ва Ғарбий Осиё давлатлари, шунингдек, Яқин Шарқ билан боғлайди. Россия Покистонга газ етказиб беришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Владимир Путин ушбу давлат Бош вазири билан ШҲТ саммити доирасидаги учрашувда айтиб ўтди" дейилади манбада.
“БелТА” ахборот агентлиги саҳифасида эълон қилинган мақолада Беларусь етакчисининг Самарқандга ташрифи доирасида мамлакатимиз раҳбари билан ўтказилган мулоқотга алоҳида эътибор қаратилган. “... Президент Александр Лукашенко Ўзбекистон давлати раҳбари билан мулоқотда сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этди. Ўзбекистон йилдан-йилга тараққий этаётганини қайд этди” дейилади мақолада.

"Ўзбекистон ШҲТ саммитига раислик масъулиятини олишда ҳамкорлик учун янги уфқларни очиш, ташкилотнинг ҳар бир аъзосида мавжуд фойдаланилмаган захирадан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ташкилотни ривожлантириш стратегиясига таянган. Ўзбекистонда ШҲТ саммити ўтказилиши мамлакатда юритилаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди" деб ёзади Хитойнинг “Global Times” нашри.
Бундан ташқари, саммит тафсилотлари, “Daily Sabah”, “TRT”, “Anadolu Agency”, “Tolo News”, “New Europe”, “AKI Press”, “The Diplomat”, “CGTN”, “РИА Новости”, “Казинформ”, “Синьхуа” каби жаҳоннинг етакчи ахборот манбаларида бериб борилмоқда.
ЎзА